Эрон ва Афғонистонда +50-54 даражагача жазирама кутилмоқда

Бу йилги ёз Форс кўрфази мамлакатлари - жанубий ва шарқий Эрон, жанубий Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонда ғайритабиий иссиқлик ва унинг давомийлиги билан ажралиб туради. Сўнгги ўн йилликнинг ўртача кўрсаткичлари билан солиштирганда, бу энг иссиқ ёз бўлади.

Яқин кунларда Эрон ва Афғонистоннинг бир қанча ҳудудларида даҳшатли иссиқ кутилмоқда.

Июлнинг дастлабки кунлари Эроннинг жануби шарқий ҳудудларида ҳаво ҳарорати +44...+49°, жануби-ғарбий қисмида эса деярли +50° иссиқ бўлади.

Афғонистоннинг Фараҳ ва Нимроз вилоятларида ҳам ҳаво ҳарорати +45...+50° гача кўтарилиши кутилмоқда.

Хуллас, Эронда Дашт-Лут чўлида башорат қилинган ҳарорат сайёрамиздаги максимал ҳарорат бўйича мутлақ рекордга яқин бўлади.

Ер юзида қайд этилган энг юқори ҳарорат +56,7° бўлиб, 1913 йилда "Ўлим водийси" (Калифорния штати - Серра-Невада тоғ тизмасидан жануби-шарқда, Америка Қўшма Штатларининг ғарбий қисмидаги Мохаве чўли)да қайд этилган.