Устозлик мақоми ҳеч қачон пасаймаган, пасаймайди ҳам

Илм бир уммондир, ундан ҳар ким ўз хоҳишича олади, дегани рост. Бугун ҳаётимизни илмсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу йўлда заҳмат чекиб, меҳнат қилаётганлар суҳбати сизга янада куч-қувват, ғайрат-шижоат бағишлайди ва ҳаётга муносабатингизни ижобий томонга ўзгартиради. Куни кеча Самарқанд давлат чет тиллар институти профессори, филология фанлари доктори Хуршид Хайруллаев “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. У билан бўлган суҳбатимиз устозлик мақоми, таълим-тарбия ва айрим муаммоларга бағишланди. 

- Мактабда таълим берган устозларимдан то ҳозиргача бўлган устозларимнинг мақоми мен учун тенг, - дейди Х.Хайруллаев. - Баъзи одамлар йиллар ўтгани сайин мактаб давридаги устозларини кам эслайди. Бизга ҳарфни, ўқишни Ватан адабиёти, жаҳон адабиётини ўргатган инсонларни унутишга ҳақимиз йўқ. Баъзан олий таълимда катта устозларни учратгандан кейин олдингилари бироз унутилгандек бўлади. Аслида бундай бўлмаслиги керак. 

Ҳаётим давомида менга ҳақиқий устозлар таълим-тарбия берган. Илк устозларим ота-онам, отам мактабда математика ўқитувчиси, онам уй бекаси бўлган. Биринчи синфда мени ўқитган муаллимим Ҳайдар Қаюмовдан бир умр қарздорман ва ҳар куни ҳақига дуо қиламан. Агар шу инсон ҳар бир ўқувчига алоҳида меҳр бериб, жон куйдириб ўқитмаганида, балки мендек шўх, ўйинқароқ бола ўқишга ҳеч қачон бўйин эгмаган бўлардим. Менга таълим берган ҳар бир ўқитувчимни ҳалигача эслайман. Масалан, учинчи синфлигимда Ойдинисо Ҳамроева деган ўқитувчим бизга дарс берган. У киши “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси” унвонини республикада жорий этилган йили олганди. Шунингдек, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларим Азиза Ҳамидова, Шодмоной Муҳаммадиева, Ҳомид Эрдонов, Неъмат Ҳамроев каби ўқитувчиларимдан бир умр миннатдорман. Қолган ўқитувчиларим ҳам ўз фанининг билимдони эди, баъзилари оламдан ўтди. 

Университетда ўқиган чоғимда Нуриддин Шукуров домланинг маъруза ҳаётимни ўзгартириб юборган. Устоз шу даражада дарс берганларки, аудиторияга кирадиган бўлсам, Нуриддин Шукуровдек дарс ўтиш орзусида бўлганман. Бугун ҳам ҳар куни дарс ўтишдан олдин устозларимнинг номини хаёлимдан ўтказаман. Талабалик йилларим бизга катта олимлар таълим берган, улардаги билим шунчалик кучли эдики, дарсдан чарчаб чиққан вақтларим бўлган. 

Раҳматли Раҳматулла Қўнғуров домла қисқа вақт дарс берган бўлсаларда, у кишида катта билим борлигини ҳис қилганман. Домла салобат ва вазминлик билан дарс ўтарди. Ҳатто ҳазил-мутойибани ҳам мавзуга мослаб, чиройли қилиб етказиб берарди. Ҳаётда баъзи воқеа-ҳодисаларга дуч келганимда ўша домлаларнинг фикрлари ёдимга келади. Олий таълим даргоҳида Муслиҳиддин Муҳиддинов, Суюн Каримов, Шавкат Ҳасанов, Алишер Ғаффоров, Ибодулла Мирзаев, Юсуф Абдуллаевларнинг таълим-тарбиясини олдим. Устозсиз инсон комилликка етишолмайди.

Бу илм шундай нарсаки, буни дунёни яратган Эгаси билади. Аллоҳ таоло инсониятга жуда кам илм берилганини айтган. Дунёни катта бир уммон деб оладиган бўлсак, ундан сачраб чиққан бир томчи инсониятга берилган илм экан. Одам Атодан то охир замонгача одамзодга берилган илм бир томчи мисолидек. Уни соҳаларга, даврларга бўлиб ташлайлик ва битта инсонда қанча илм борлигини идрок қилайлик. Инсоният илм билан дунёда турибди. 

- Бугунги устоз ва ўқитувчининг мақомига 10 баллик баҳолаш тизимида неча балл берган бўлардингиз?

- Инсоният яралибдики, устоз деган мақом улуғ. Устозлик мақоми ҳеч қачон пасаймаган, пасаймайди ҳам. Энди ўқитувчилик касби ҳақида гапирадиган бўлсак, мактабдаги ўқитувчилар мақомининг тушишига сабаблар жуда кўп. Масалан, мустақилликнинг илк йилларида кўп соҳаларда депсинишлар бўлди. Мактаб таълимида ҳам бу қаттиқ синовларни олиб келди. Бу синовлардан ўтишимиз оғир бўлди. Кўп нарсаларни йўқотишга тўғри келди. Худди озуқаси камаяверса, дарахтлар барглари ингичкалашиб, кичрайиб, керак бўлса, ортиқча баргларини ташлаб, ҳаёт учун зарур бўлган минимал қисмини сақлаб қолганидек, ўқитувчилик фаолияти ҳам худди шундай бўлиб қолди. Синфхоналарнинг етишмаслиги, дарсларнинг икки сменада бўлиши каби муаммолар сабабли 4-5 соат дарси бор ўқитувчи ҳам кун бўйи мактабда ўтиришга мажбур бўлди. Шунинг учун баъзи ўқитувчилар иқтисодий масалаларда қийналиб, касбидан узоқлашди. Катта тажрибага эга бўлган ўқитувчиларнинг бир қисми, айниқса, эркак ўқитувчилар оила тебратиш учун бошқа соҳаларда ишлай бошлади. 

Ўша даврда мактабларда устоз-шогирдлик анъанаси бироз пароканда бўлди. Мактабга борган ёш ўқитувчиларнинг кўпчилиги устоз-шогирд анъанаси бўлмаганлиги учун олий таълимда олган билимларини тўғридан-тўғри ўқувчига етказишга қийналиб қолди. Айниқса, бу ўртада коллежларда ўқитиладиган дарсликларни олий таълим муассасалари ўқитувчилари ёзиб берди. Улар мактабникидан фарқли, олий таълимникига яқин қилиб ёзилди. Мактаб ўқитувчилари эса коллежлардаги дарсликларни ўқитишга қийналиб қолди. Шундан кейин дарслар сусая бошлади. Ўқитувчига муносабат ҳам пасайди. Бироқ ўз устида доимий равишда ишлаган, тажрибали ўқитувчилар борки, йўқотишлар кам бўлди. 

Аслида ўқитувчи ўзининг ўқувчисидан анча билимли бўлиши керак. Ўртадаги тафовут жуда катта бўлиши лозим. Агар боланинг даражасига тушиб олиб, ўша билим билан ёндашадиган ўқитувчи бўлса, у бугунги кун ўқувчиларини қониқтирмайди. 

Ўқитувчи мақоми ҳақида гап кетганда, машаққатини ҳисобга олган ҳолда шу касбда ишлаб турганлиги учун ҳам уларга 10 бални бериш керак. Улар ҳам бошқа иш қилса бўлади. Лекин у шу касбни танлаган, касбига меҳр қўйган. 

Ўқитувчилик шарафли касб, аммо шарафли эканлиги ҳадеганда кўринавермайди. Масалан, деҳқон ерга бирон нарса экса, узоғи билан бир йилнинг ичида натижасини кўради. Агар хато қилиб қўйган бўлса, келаси йилда шу хатони қилмасдан, яхши натижага эришади. Агар ўқитувчи таълимда бир хато қилса ёки хатони ўнглайман деса, буни кўриш учун қарийб юз йил вақт кетиб қолади. 

Ўқитувчилик касбида устозлик мақомига эриша олиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Кўпчилик айтади, қаерга маърузага чақирса, кетаверасиз, ундан кўра ўтириб мана бу нарсани дарслик қилиб ёзсангиз бўлмайдими? Аслида булар ҳам вақти-соати билан бўляпти, лекин бугун мени қаергадир ўз йўналишим бўйича чақиришса, демак, бунга эҳтиёж бор. Менда эса билим беришга куч-қувват етарли. Шунинг учун республиканинг қаерига чақиришса, кўзи ёниб турган ёшларга билим беришга ҳаракат қиламан.  

- Олий таълим муассасалари ўқитувчиларидан биринчи навбатда сифатли таълим бериш сўраладими ёки турли топшириқларми?

- Бугун олий таълим кераксиз топшириқлардан холи деб айтишим мумкин. Ўқитувчиларнинг маоши яхши. Очиғини айтишим керак, Шавкат Мирзиёев президент бўлганларидан кейин ўқитувчининг чўнтаги пул кўрди. Тўғри режалаштирилса, домлаларнинг маоши билан чиройли ҳаёт кечирса бўлади. Биз таълим берувчи инсонлармиз. Бу борада ўзимизни катта бизнес ёки бошқа соҳа ходимлари билан тенглаштирмаслигимиз керак. 

Олий таълимга бошқаларнинг аралашишига барҳам берилган. Масалан, пахта далаларида ойлаб вақтимиз ўтиб кетган даврлар бўлди. Энди бундай топшириқлар йўқ. Лекин фаолиятимизда тарғибот масалалари бўлиши мумкин. Бу ҳар қандай зиёлининг жамиятда фахрланиб қиладиган иши, деб қарайман.

Олий таълим муассасалари ўқитувчиларидан ижодий ёндашиш талаб қилинади. Баъзи ўқитувчиларнинг ўзида мана шу нарсада оқсаш бўлиши мумкин. Кўпчилик замонавий дарс деганда техникаларни қўллаш масаласини айтади. Аслида проекторни ёқиб қўйиш замонавий дарс ўтиш дегани эмас. Бугун олий таълимда дарс берадиган ўқитувчидан қандай билим бераётгани, нимани ўргатаётганини сўрашимиз керак. У ҳақиқатда талабага керакли билимни етказиб бера оляптими? Замонавий дарс деганда, бугунги куннинг талабидаги ҳаётий фаолият ва келажак учун пойдевор ясаб берадиган нарсалар, инсоният келажак ҳаётини фаровонлаштириб берувчи мутахассис тайёрлашга қаратилган ўқув фаолияти тушунилади.  

Аввал олий таълим муассасаларида 2 мингта талаба ўқиган бўлса, бугун 15 минггача талаба бор. Бу ҳазилакам гап эмас. Олий таълимда энг муаммоли масала замонавий педагог масаласи. Бугун қамров кенгайди, талабалар сони ошганидан кейин сифатли таълим бера оладиган, катта мактабни ўтаган ўқитувчилар сони нисбатан камайиб қолди. Тўғри, биз тезроқ фан номзодларини тайёрлашга ҳаракат қиляпмиз. Лекин бу жараёнда уларнинг билим савияси пасайган ҳолатлар ҳам кузатилиб қоляпти. Энди талабалар сони кўпайса кўпаяди, лекин камаймайди. Шунингдек, бундан беш йил олдингига қараганда мактаб ёшидаги болалар сони кўп. Боғча ёшидагилар мактаб ёшидаги болалардан кўпроқ. Мана бу масала эртага мактабда таълим сифатини оширишда катта муаммони қўяди. Шунинг учун давлатимиз педагогик йўналишда таълим оладиган талабаларни давлат ҳисобидан ўқитиш масаласини кўряпти. Магистратура йўналишида ўқийдиган хотин-қизлар учун контракт пуллари давлат томонидан тўлаб бериляпти. Бу борада самарали ишлар қилиняпти. Ҳаммаси жой-жойига тушиб кетиши учун ҳали бироз вақт бор. 

- Талабаларнинг йилдан йилга олий таълим муассасаларига кириш баллари пасайиб кетаётганининг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

- Юқорида ҳам бу ҳақда бироз гапирдим. Мактабдаги ўқитувчиларнинг ҳолати билан боғлиқ жиҳатларга эътибор берайлик. Коллеж ва литсейларнинг ўқитувчилари мактабларга қайтди, улар йиллар давомида дарс ўтмаган. Бу аччиқ ҳақиқат. Буни тан олишимиз керак. Энди ўша ўқитувчи ўқитган боладан нимани кутасиз? Ўқувчи олий таълим муассасасига ўқишга кираман, деганининг ўзи бугун катта ютуқ. 

Бундан ташқари, кейинги йилларда олий таълимга ҳужжат топшириш ниҳоятда кўпайган. Биз буни фоизда ҳисоблаб кўряпмиз, сонда ҳисоблаб кўрайлик, камаяётганини кўрамиз. Бу ҳолат нисбатан камайиб бораверади. Биз бугун мактабни айблаш эмас, мактабга ёрдам беришимиз керак.  

- Кафедра олимлари, тадқиқотчилари томонидан қандай янгиликлар қилинди?

- Бизнинг ўзбек тили ва адабиёти кафедрамизда салоҳият 70 фоиздан юқори. Бу салоҳиятни бошқа жойдан ўқитувчи олиб келиб қилганимиз йўқ. Ҳаммаси мана шу кафедранинг илдизидан мевасигача етиб келган ҳолат. Профессор Неъмат Турниёзов Ўзбекистонда, Марказий Осиёда тилшуносликдаги дериватология марказининг асосчиси эди. Биз шу инсоннинг атрофида бирлашдик. Кейинги икки йилда тил назарияси, амалий ва компютер лингвистикаси ихтисослиги бўйича икки нафар фан доктори (ДСс) диссертатсияси ёқланди. Яна бизда муҳокамадан ўтган иккита фан докторлиги диссертатсияси бор. Шунингдек, фан докторлиги (ПҳД) бўйича 8 та диссертатсия ёқланди. Бу ишлар узуқ-юлуқ эмас, бир-бирини давом эттирадиган, тўлдирадиган, дериватсия қонуниятларини кўрсатадиган илм. Қолган 30 фоиз мутахассисларимиз ҳам илмий иш бошлаган магистрлардир. 

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА 

суҳбатлашди.

Суҳбатдош ҳақида қисқача:

Хуршид Хайруллаев 1976 йил 17 февралда Каттақўрғон тумани Полвонтепа қишлоғида туғилган. Тумандаги 35-умумий ўрта таълим мактабида таълим олган. 1992 йилда мактабни олтин медал билан тугатиб, Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факултетига ўқишга кирган. Университетни битиргач, Самарқанд давлат чет тиллар институтига аспирантурага ўқишга кирган. Шу билан бирга, институтда иккинчи мутахассислик – инглиз ва араб тили мутахассислиги бўйича ўқиган. Унинг шу дарвгача бўлган иш фаолияти бевосита Самарқанд давлат чет тиллар институти билан боғлиқ. 

Бугун профессор Хуршид Хайруллаев институтнинг шарқшунослик факултетида ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири вазифасида фаолият юритмоқда.