Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари байрами Самарқандда нишонланди

18 апрель - Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, соҳа ходимлари бу йил касб байрами муносабати билан Самарқандда жам бўлди.

Дастлаб, вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши ўтказилди. Унда вазирлик томонидан 2018 йилда амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, жорий йил учун белгиланган устувор вазифаларнинг ижроси муҳокама этилди.

Тадбир иштирокчилари Самарқанд вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси фаолияти, жумладан, Самарқанд шаҳрида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиб, ўзаро тажриба алмашди.

 Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари кунига бағишланган тантанали маросим ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Салиев, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов соҳа ҳодимларини касб байрами билан табриклаб, мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.

Тадбирда бу йил илк бор таъсис этилган “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган бир гуруҳ ходимларга ушбу мукофотлар тантанали равишда топширилди. Вазирлик тизимида меҳнат қилаётган 300 нафар ишчи-ходимлар жорий йилда мазкур кўкрак нишонига муносиб деб топилди.

Шунингдек, маросимда самарқандлик бир гуруҳ соҳа вакиллари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тантанали маросимда юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочилар томонидан концерт дастури намойиш этилди.