Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Уйида қиморхона ташкил қилган шахс қўлга олинди

Жорий йилнинг 16 май куни Андижон вилояти Хўжаобод тумани ИИБ ходимлари томонидан туманнинг Янги ҳаёт МФЙда истиқомат қилувчи З.Ш.нинг уйида қонунга хилоф равишда қиморхона ташкил этилганлиги аниқланди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, фуқаро З.Ш. ўзининг яшаш хонадонида 6 нафар маҳалладошларини йиғиб, уларга ўйин картаси орқали қимор ўйнашлари учун шароит яратиб берган ва бунинг эвазига улардан олдиндан 5 000 сўмдан жами 30 000 сўм пул йиғиб олган. Шунингдек, ҳар бир ўйналган қимор ўйини учун 1 000 сўмдан «чўтал» пули олиб, қимор ўйини ўтказаётган вақтида Хўжаобод тумани ИИБ ходимлари томонидан ушланган.

Воқеа жойидан ашёвий далил сифатида 28 дона ўйин карталари, жами 290 000 сўм пуллар баённома асосида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Хўжаобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.