Узумчилик: Самарқанд туманида Олтиариқ тажрибаси

Сув ва ер захираларининг камайиши, аҳолининг истеъмол ва сифат талаби бугун деҳқонни ҳам изланишга, синалган ва муваффақиятли тажрибаларни ўзлаштиришга ундаяпти. Самарқанд туманидаги “Аъзам Азамат агро” кўп тармоқли фермер хўжалигида кузги ҳосилни йиғиштириш, сақлаш ва экспортга тайёрлаш мавзусида ташкил этилган пресс-тур иштирокчилари айни шу жараённинг гувоҳи бўлди.

Ушбу фермер хўжалигида 115 гектар майдонда Туркия технологияси асосида интенсив боғ барпо қилиниб, олма, шафтоли ва узум етиштириляпти.

-  Узумчиликни Фарғона водийсининг Олтиариқ тажрибаси асосида ташкил қилганмиз, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Аҳмаджон Султонов. – Бу усул ер майдони, озуқа ва сувни тежайди. Узумнинг кишмиш, тоифи, ризамат ва бошқа 10 га яқин навларини етиштиряпмиз. Тоифи ҳосилдорлиги билан ажралиб туради. Гектаридан 30 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Ҳозирда ҳар 3-4 кунда етилган узумларни йиғиб оляпмиз. Россия Федерациясига билан 2 минг тонна узум етказиб бериш бўйича шартнома қилганмиз.

Етиштирилган ҳосилнинг 40 фоизи ички бозорга, қолгани экспорт қилинмоқда. Токлар асосан войиш усулида парваришланяпти.

- Кунига 1500 тагача пластмасса яшик ишлаб чиқариш цехимиз бор, - дейди хўжалик раҳбари. - Бу идишлар меваларни йиғиб олиш ва сақлашда қўл келяпти. 20 гектар интенсив олма ва узум ҳосилининг асосий қисмини 1250 тонналик музлаткичда экспорт учун сақлаймиз.

Хўжаликнинг 20 гектар интенсив боғида олма ва шафтоли айни пишиб етилган. Жорий йилнинг шу давригача 600 тонна мева ҳамда 500 тоннадан зиёдроқ узум ҳосили йиғиб олинган. 

Хўжалик томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган бўлиб, йил охиригача яна 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги узум маҳсулоти экспорт қилиниши режалаштирилган. Айни кунларда кўп тармоқли фермер хўжалигида 70 нафар доимий, 150 нафар мавсумий ишчилар меҳнат қилмоқда.

Бугунги кунда туманда 3850 гектар ер майдонда узумзор мавжуд бўлиб, 40307 тонна ҳосил кутиляпти. Ушбу маҳсулотлар тумандаги 49485 тонна сиғимга эга 66 та музлаткичли омборхоналарда сақланади.