V Халқаро олимпиада: дунёнинг йигирмага яқин давлатидаги тиббиёт олийгоҳлари талабалари Самарқандда беллашди

13-14 декабрь кунлари Самарқанд давлат тиббиёт университетида «Самарқанд-2020» тиббиёт олийгоҳлари талабаларининг V Халқаро олимпиадаси ўтказилди.

Университет ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этилиб келинаётган мазкур мусобақа нафақат талабалар ва ёш тадқиқотчиларнинг билим ва малакаларини синовдан ўтказиш ва уларни муносиб тақдирлаш, балки халқаро дўстона муносабатларнинг янада мустаҳкамланиши ҳамда тиббиёт соҳасида жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари билан янги ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилишига туртки бўлмоқда.

Юқори савияда ташкил этилган олимпиадада юртимиз ҳамда Германия, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Украина ва Беларусь, Жанубий Корея каби жаҳоннинг йигирмага яқин давлатларининг 100 дан зиёд тиббиёт олийгоҳларидан 730 дан ортиқ тўғридан-тўғри ва 4 мингга яқин онлайн тарзда талабалар, хорижий тиббиёт муассасалари ректорлари ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Олимпиаданинг тантанали очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, Олий таълим, фан ва инновациялар  вазири Конгратбай Шарипов, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев ҳамда бир қатор хорижий тиббиёт олийгоҳлари ректорлари бешинчи бор ташкил этилаётган халқаро мусобақанинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

«Самарқанд-2020» тиббиёт олийгоҳлари талабаларининг V Халқаро олимпиадаси доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университети билан яқин ҳамкорликда фаолият юритаётган ҳамда ўз салоҳияти ва меҳнати билан университетда намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ хорижий давлат ОТМ профессор ўқитувчиларига университетнинг «Фахрий профессори» унвони топширилди.

Ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўтказилган халқаро олимпиаданинг асосий қисмида иштирокчилар тиббиётнинг 40 дан ортиқ йўналишлари бўйича икки босқичда тест синовлари ва амалий кўникмалар асосида беллашди. Шу билан бир қаторда анъанавий тарзда қатнашаётган 730 дан ортиқ талаба ўз амалий билимларининг жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи 7-авлод симулиацион роботлари орқали кўникмаларини синовдан ўтказдилар. Олимпиада доирасида Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми ва хорижий тиббиёт коллежларининг ўқувчилари ўртасида халқаро олимпиада ташкил қилинди.

Шунингдек, талабалар учун чет эллик ва республикамизнинг етакчи мутахассислари томонидан замонавий тиббиётда фундаментал фанлар, илмий тадқиқот усуллари ва бошқа долзарб масалаларга бағишланган маҳорат дарслари, бакалавр, магистр ҳамда клиник ординаторлар учун хорижий тиббий ОТМлари ректорларининг маърузалари ташкил этилди.

Олимпиаданинг ёпилиш маросимида ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирок этган ва номинация бўйича ғолиб деб топилган иштирокчилар диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.