Вадим Абрамов: "Динамо" қачон ўз майдонида ўйнайди? Бизда ҳатто шуғулланиш учун майдон йўқ. Бунинг ортидан муаммолар келиб чиқмоқда"
"Динамо" Ўзбекистон кубоги баҳсларида бирорта жамоага мағлуб бўлмай, мусобақани аламли тарзда тарк этди.
Кеча Ўзбекистон кубогининг 3-турида "Динамо" Жиззахда "Навбаҳор"га қарши майдонга тушиб, кетма-кет учинчи турда ҳам дуранг қайд этди.
Голларга Шодиёр Шодибоев (66) ҳамда Кожо Жоэл (82) муаллифлик қилди-1:1.
"Андижон" ва "Насаф" учрашувининг 90+7-дақиқасида андижонликлар гол уриб, гуруҳда "Навбаҳор"дан кейин иккинчи ўриндан жой олди ва амалдаги чемпион "Насаф"ни мусобақадан чиқариб юборди. Бу эса «Динамо»нинг ҳам гуруҳда 3-ўринга тушишига сабаб бўлди ва жамоа Ўзбекистон кубогидаги юришини тўхтатди.
Учрашувдан кейин "Динамо" жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
- Ғалаба учун астойдил ҳаракат қилгандик, аммо ўхшамади, - деди Абрамов. - Ҳимояда қўпол хатоларга йўл қўйдик. "Навбаҳор"да вазиятлар деярли йўқ эди. Ютқазмасдан туриб ҳам турнирдан чиқиб кетиш – аламли. Биз устунликка эга бўлган ўйинларимизда ижобий натижага эришолмадик.
- "Динамо" Кубокда плей-оффга чиқмаганига қарамай, ёрқин ўйинлар кўрсатди. Жамоа қачон ўз майдонида ўйнайди?
- Бу савол менга тааллуқли эмас. Ўзим ҳам шуни кутяпман. Бизда ҳатто шуғулланиш учун майдон йўқ. Бунинг ортидан муаммолар келиб чиқмоқда.
- "Динамо" ўзбек футболи гигантига қарши муносиб ўйин намойиш қилди. Жамоа кубок доирасидаги айнан қайси учрашувда ғалабага кўпроқ лойиқ эди?
- Барча учрашувларда ғалабага яқин эдик. Бу – аламли. Чемпионатдаги мағлубиятларда ҳам хатолар бизга қимматга тушди. Андижонда ва "Насаф" билан ўйинда ҳам устун кўрингандик. Бугун ҳам мана йўқ жойдан гол ўтказиб юбордик.
Рақиб биринчи бўлимда яхши ўйин кўрсатди, аммо иккинчи таймда чарчаб қолишгани сезилди. Вазифамиз кейинги босқичга чиқиш эди, афсуски, буни уддалай олмадик. Энди бор эътиборимиз Суперлигага қаратилади.