Вадим Абрамов “Динамо”да қолади

“Динамо” профессионал футбол клуби жамоанинг бош мураббийи Вадим Абрамов билан келишув узайтирилганини эълон қилди.

Абрамов олдига “Динамо” жамоасини Про-лигадан Суперлигага олиб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Бу вазифа уддалангач, клуб раҳбарияти тажрибали мутахассис билан шартномани 2024 йилнинг охирига қадар узайтирди.

“Динамо” жамоаси 2023 йилги мавсум якунларига кўра, шартномаси якунига етган бир қатор футболчилар билан хайрлашди ва таркибга маҳаллий клублардан Ҳумоюнмирзо Иминов, Акбаржон Исматуллаев, Анваржон Файзуллаев каби ёш футболчилар олиб келинди.

Айни пайтда жамоа Суперлига янги мавсумига тайёргарликнинг иккинчи босқичини Тошкентда ўтказмоқда. Йиғин 29 декабргача давом этади. 17-29 январь кунлари эса Бирлашган Араб Амирликларида ўқув-машғулот йиғинининг навбатдаги босқичи ўтказилади. Йиғин доирасида “Динамо” Дубайда Россия, Қатар ва Саудия Арабистони жамоаларига қарши назорат учрашувларини ўтказади.