Вақтимиз нега бунча тез ўтяпти?
Олимлар “вақт тез ўтиши” ҳодисасини изоҳлаб берди.
Болалик ва ўсмирлик давримизда вақт узоқроқ ўтарди: дарслар зерикарли ва узун, ёзги таътиллар чексиз бўлиб туюларди, энди эса вақт “шамол тезлигида” учиб ўтаётганини тез-тез айтиб турамиз. Хўш, нега вақт бунча тез ўтиб боряпти?
Биологлар одамлар ёши улғайган сари маълумотларни турлича идрок этиши ва вақтни бошқача ҳис қилишлари ҳақида гапириб келишади. Лекин ёшлар ва катталаларнинг вақтни идрок этишдаги тафовутига айнан нима сабаб бўла олади?
Шимолий Каролина (АҚШ) Дьюк университети олими Адриан Бежан одам мияси қариган сари маълумотлар секинроқ идрок қилинишини тушунтиради. “Мия катталашгани сайин, унинг сенсорли маълумотни олиб юрувчи нерв сигналлари узоқроқ масофани босиб ўтишга мажбур бўлади. Бундан ташқари, нейронларнинг қариши айнан шу маълумотни узатиш тезлигини секинлаштиради”, дейди у.
Бежан ва унинг ҳамкасблари томонидан ўтказилган тадқиқот бир хил вақт оралиғида катталар ва кекса одамлар янги образ ва тасвирларни ўсмирлар ва болаларга қараганда камроқ ёзиб олишини аниқлади.
Қабул қилинган тасвирлар ўзгарганда онгимиз вақтни бошқача қабул қилади. Таймердаги сигнал жиринглагани учун эмас, балки мия бошқача ишлагани учун “ҳозир” “аввал”дан фарқ қилади”, - тушунтиради Бежан.
Вақт қадрсизланиб боради
Интерактив вақт шкаласига асосланган яна бир тадқиқот “вақт инфляцияга мойил”лигини кўрсатди.
Шкала файласуф Пол Жанет (1823-1899)нинг баёноти асосида австриялик BMW конструктор маслаҳатчиси Максимилиан Кинер томонидан ихтиро қилинган. Содда қилиб айтганда, у шундай эшитилади: агар бутун ҳаёт доимий (ёки мутлақ) қиймат деб олинса, 10 ёшга кирган бола бир йилини бутун ҳаётининг 1/10, 50 ёшли одам эса 1/50 қисм каби ҳис қилади. Агар бола 14 ёшда бўлса, бир йил ҳаётининг тахминан 7 фоизини ташкил қилади ва бу жуда узоқ муддатга ўхшайди.
30 ёшга кирган киши учун бир ҳафта ҳаётнинг кичик бир қисмидир, 50 ёшли одам учун бир йил ҳаётининг атиги 2 фоизини ташкил этади, шунинг учун бу интерваллар субъектив равишда аҳамиятсиз ҳис қилиниб, улар жуда тез ўтиб кетаётгандек туюлади.
Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, биз қанчалик узоқ яшасак, ҳар йилимиз бутун ҳаётимизга нисбатан қисқароқ кўринади. Демак, агар вақт бир йил олдинги йилга қараганда янада тезроқ ўтаётгандек туюлса, сиз вақтда адашмаяпсиз, сиз улғаяяпсиз, дегани.
Шунинг учун, ҳар бир дақиқадан баҳраманд бўлинг, чунки кейинги бир неча йил ичида бу қувончли дақиқаларнинг янада тезроқ ўтиш эҳтимоли баланд.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.