Ватиканда тиббий сабабларсиз "COVID-19"га қарши вакцинадан бош тортганлар ишдан бўшатилади

Ватикан губернатори Жузеппе Бертелло шу мазмундаги фармонни имзолади, дея хабар берди «Интерфакс».

Аслида Италия ва дунёнинг аксарият қисмида вакцина қабул қилиш ихтиёрий. Аммо фармонга биноан эмлашдан бош тортиш бошқаларга хавф туғдириши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда вакцина қабул қилиш маънавий жавобгарлик ҳисобланади.

ОАВда ушбу мавзу бўйича эълон қилинган хабарлардан норози бўлган Италия аҳолиси ижтимоий тармоқларда Ватиканни танқид қила бошлади.

Натижада 18 февраль куни Ватикан ҳукумати эмлашдан бош тортишнинг оқибатлари ҳақида огоҳлантириш ҳеч қандай жазони англатмаслигини айтиб, вазиятга аниқлик киритди. Ватикан губернатори эмлаш дастурида иштирок этиш ихтиёрий эканлиги, шунга қарамай, кимнингдир эмлашдан бош тортиши унинг ўзига ва бошқаларга хавф солиши мумкинлиги тўғрисида баёнот берди.

Бертелло ваколатхонаси эмланишни истамаганлар учун ҳукумат иш билан таъминлашнинг муқобил вариантларини излашга тайёр эканини маълум қилди. Ватикан ҳукумати эмлаш масаласида ходимларга босим ўтказмоқчи эмаслиги таъкидланди.

Бироқ Европа ОАВ маълумотига кўра, Ватикан ҳақиқатан ҳам эмлашдан бош тортгани учун ходимларни ишдан бўшатиш ҳуқуқига эга: бу чора 2011 йилги қонунда мустаҳкамланган.

ОАВ Рим папаси Франсискнинг "COVID-19"га қарши эмлаш ғоясини фаол равишда қўллаб-қувватлаётганини таъкидламоқда.

Ватиканда беш мингга яқин киши ишлайди. Мамлакатда коронавирусга қарши "Pfizer" вакцинаси билан эмлаш январь ойи бошида бошланган. Рим папаси Франсиск аллақачон барқарор иммунитетни ривожлантириш учун зарур бўлган вакцинанинг иккала компонентини қабул қилган.