Вилоят солиқчилари етакчиси Нурободда сайёр қабул ўтказди

Нуробод туманида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шодиёр Аҳмедовнинг сайёр қабули ўтказилди.

Тумандаги 18-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган тадбирда фуқаролар банк кредити, уй-жой учун эгалик ҳуқуқи олиш, мактабларни компьютер билан таъминлаш масалалари юзасидан амалий ёрдам сўрашди.


– Қишлоқ ёшлари учун янги иш ўринлари яратиш бўйича мурожаат қилдим, – дейди Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи Бекмурод Мирзаев. – Вилоят 4-сектор раҳбари банклардан кредит ажратиш орқали тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш орқали ёшларнинг бандлигини таъминлаш мумкинлиги ҳақида тушунча берди. Шунингдек, хусусий боғчалар фаолиятини йўлга қўйиш борасида ташаббускорлар бўлса, ёрдам беришини билдирди.

Ш.Аҳмедов туман тиббиёт бирлашмаси ва халқ таълими бўлими тизимидаги муаммоларни ҳам ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатишини таъкидлади.

Сайёр қабулда билдирилган аксарият мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунчалар берилди, қолган масалалар тегишлилиги бўйича мутасадди идора ва ташкилотларга йўналтирилди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.