Вилоят ҳокими Булунғурда томорқалардан унумли фойдаланиш борасидаги ишлар билан танишди
Эркинжон Турдимов Булунғур тумани сектор раҳбарлари, соҳа масъуллари ҳамроҳлигида туманнинг Гулобод, Зарафшон маҳаллаларидаги аҳоли хонадонлари кўздан кечирди.
Ҳоким хонадон эгалари, нуронийлар ва ёшлар билан суҳбатлашди. Суҳбат давомида тумандаги барча хонадонлар ўзининг томорқасидан самарали фойдаланмаётганлиги, хусусан, томорқадан йилига 2-3 марта ҳосил олиш имкони бўлган бир вақтда, айрим аҳоли томорқалари ҳатто ҳайдалмаганлиги ёки даромади паст бўлган экин турлари экиб келинаётганлиги танқид қилинди. Бунда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилига амал қилиниши зарурлиги, шунда маҳалланинг ихтисослашувига кўра бозор шаклланишини таъкидлади.
Аҳоли билан мулоқот жараёнида Гулобод маҳалласидаги таъмирталаб ёғоч устунларни алмаштириш борасида соҳа масъулларига кўрсатма берилди. Зарафшон маҳалласида яшовчи Убайдулла бобо Валибоев ҳамда турмуш ўртоғига санаторияга йўлланма берилиши белгиланди.