Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоят ҳокими пастдарғомлик ёшларнинг 60 га яқин мурожаат ва таклифларини тинглади

Буюк Турон маҳалласида ўтказилган учрашувга туманнинг 4-сектор ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи уюшмаган ёшлар, ўқиш ёки иш фаолиятида муаммоларга дуч келаётган йигит-қизлар таклиф этилди.

Ноодатий, расмиятчиликдан холи, самимий мулоқот тарзида ўтган тадбирда ёшларнинг 60 га яқин мурожаатлари ва таклифлари тингланди. Мурожаатларнинг асосий қисми ишга жойлашиш ва кредит олиш масалаларида бўлди.

- Ишсизман, ҳовлимизда 20 бош қорамол боқишга имконият бор, - дейди Чандиробод маҳалласида яшовчи Фазлиддин Ҳошимов. - Кредит олиш учун туманимиздаги банк филиалларига 6 ойдан буён мурожаат қиламан. Аммо масала ҳал бўлмаётганди. Бугун вилоят ҳокими шу муаммони ечиш учун мутасаддиларга топшириқ берди. Масала 10 кун ичида ҳал этиладиган бўлди.

- 4 йилдан бери Самарқанд шаҳридаги мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси сифатида ишлаб келаётган эдим, - дейди Буюк Турон маҳаллалик Шоҳруҳ Эргашев. – 2020-2021 ўқув йили бошидан ўзимизнинг қишлоқдаги 45-мактабда ишлаяпман. Аммо мен учун ҳафтасига 4 соатгина дарс ажратилган. Вилоят ҳокимига дарс соатларимни кўпайтириш ва мактабимизнинг спорт залини таъмирлаш масаласида мурожаат қилдим. Ушбу талабларим ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Вилоят ҳокими сўзга чиққан ёшлар томонидан билдирилган масалалар юзасидан ўз таклифларини берди. Иш сўраб мурожаат қилган йигит-қизларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун тавсиялар берилди ва хоҳловчиларга кредит ажратиладиган ва 10 нафарга яқин ёшлар ишга жойлашадиган бўлди.

- Рад этилган муаммолардан ташқари барча мурожаатлар 10 кун ичида ҳал этилади. Бирон бир масалангиз ечилмай қоладиган бўлса, телеграм рақамимга хабар жўнатишингиз мумкин, - деди ҳоким.

Тўлқин СИДДИҚОВ,
Ғофиржон БОБОБЕКОВ,
Меҳрож ИСАЕВ.