Вилоят ҳокими Президент мактаби битирувчиларининг лойиҳалари билан танишди, орзу-мақсадларини тинглади

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Самарқанд шаҳридаги Президент мактаби битирувчилари билан учрашди.

Давра суҳбатида вилоят ҳокими ёшларнинг таълим олиши учун яратилаётган шарт-шароитлар, имкониятларга тўхталди. Президент мактаби ўқувчиларининг келажакдаги орзулари, мақсадлари, Ватан тараққиётига қандай ҳисса қўшмоқчи эканликлари билан қизиқди.

Мактаб ўқувчилари томонидан яратилган оммавий молиялаштириш бозори лойиҳаси билан танишди. Ўқувчилар ушбу лойиҳа асосида янги платформа яратгани, ундан барча даромад олиш учун фойдаланиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди. Ушбу лойиҳани ишга тушириш учун зарур масалаларда вилоят ҳокимидан ёрдам сўрашди.

Шунингдек, битирувчилардан Фарзод Мажидов “Эл-юрт умиди” жамғармаси барча хорижда ўқишни истовчиларга кўмак берилмаётгани, шунингдек, вилоятда чет давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга кирган ёшларга бирор жамғарма ташкил қилинганми, деган савол билан мурожаат қилди.

- Мен ҳамма вақт таълимга сармоя ажратиш тарафдориман, - деди А.Бобоев. – Таълимга тикилган сармоя эртага албатта ўз мевасини беради. Бу масалани атрофлича ўрганиб, “Эл-юрт умиди” жамғармасидан кўмак ололмаган самарқандлик ёшларга хорижда ўқиши учун моддий ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.

Давра суҳбатида битирувчилар томонидан IT-марказлари очиш таклифлари ҳам билдирилди. Адиз Бобоев ҳозирча Самарқанд шаҳар маркази ва Қорасув масканида замонавий IT-маркази очиш режалаштирилганини маълум қилди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбир Президент мактаби битирувчиларида илиқ таассурот қолдирди.