Вилоят ҳокими ва Буюк Британия делегацияси тиббиёт мутахассислари учрашуви ўтказилди: Қорасувда хорижий шифохона иш бошлаши кутилмоқда
Вилоят ҳокими Буюк Британиядан келган тиббиёт соҳаси мутахассислари билан учрашув ўтказди. Унда Соғлиқни сақлаш соҳасида, хусусан, Самарқанд ва Буюк Британия тиббиёт олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шаҳзода Чарлз касалхонасининг шошилинч тиббий ёрдам бўйича маслаҳатчиси Тайман Воҳеэд Лондондаги Кардифф университети фаолияти ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, Европада Британия тиббиёти энг яхшиларидан бири ҳисобланади. Бугун эса британиялик мутахассислар турли қўшма тадбирлар орқали самарқандлик ҳамкасблари билан ўз билимларини баҳам кўришга тайёр.
Кардиолог Майванд Шер таъкидлаганидек, 2021 йилда ҳоким билан учрашиб, унинг кўмагидан сўнг Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида хусусий тиббиёт маркази қуришга қарор қилган ва ҳозирда лойиҳа якунлаш босқичида.
Ўз навбатида, Эркинжон Турдимов ушбу ҳамкорлик Самарқандда тиббиёт соҳасида янги имкониятлар очишига умид билдирди ва вилоят ҳокимлиги бу борада қонун доирасида кўмак беришга тайёрлигини таъкидлади.