Вилоят шахмат федерациясига раис сайланди
Самарқанд шаҳрида вилоят шахмат федерациясининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Э.Турдимов, шахмат федерацияси вилоят ҳудудий бўлими аъзолари, спорт муассасалари раҳбарлари ва тренерлар иштирок этди.
Дастлаб жорий йилнинг 9 ойи давомида шахматни ривожлантириш ва оммалаштириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида вилоят шахмат федерацияси ижрочи директори Жамшид Акобиров ҳисобот берди.
- Бугунги кунда вилоятда уч минг нафардан зиёд спортчи шахмат билан шуғулланади ва уларга 110 нафар тренер машғулот ўтади, - дейди Ж.Акобиров. - Ўзбекистон шахмат терма жамоасининг асосий таркибига вилоятимиздан 8 нафар, захира таркибига 3 нафар спортчи қабул қилинган. Жорий йилда вилоятда иккита халқаро даражадаги мусобақа, тўртта вилоят чемпионати, иккита вилоят кубоги мусобақалари ташкил этилди. Спортчиларимиз республика мусобақаларида 2 та олтин, 4 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган бўлса, Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ўтказилган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида бўлган самарқандлик Жаҳонгир Воҳидов, Нодирбек Абдусатторов ҳамда Жавоҳир Синдоров жамоавий баҳсда бронза медалига сазовор бўлди. Шунингдек, олимпиаданинг қизлар баҳсида вилоятимиз спортчилари Афруза Ҳамдамова ва Маржона Маликова муносиб иштирок этди.
Шундан сўнг вилоят шахмат федерацияси раиси ва унинг ўринбосарлари сайланди. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов федерация раислигига, халқаро тоифадаги гроссмейстер Тоҳир Воҳидов, ёшлар ишлар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Сарвар Бобоев ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шаҳзод Эшонқулов раис ўринбосарлигига бир овоздан маъқулланди.
Йиғилишда 2026 йил Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига юқори савияда ўтказиш мақсадида тайёргарлик жараёнларини ҳозирдан бошлаш, келгусида вилоятда шахматни ривожлантириш ва оммалаштириш борасида амалга ошириладиган ишлар белгиланиб, ҳомийлар бириктирилди.