Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоят суди фахрийлари “Суд фахрийси” кўкрак нишонига сазовор бўлди

Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, пенсияга чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилди.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 27 августдаги қарорига мувофиқ, Самарқанд вилоят суди фахрийлари Талъат Бобомуродов ва Иброҳим Ачилов “Суд фахрийси” кўкрак нишонига сазовор бўлишди.

Шу муносабат билан вилоят судида тадбир ташкил этилиб, кўкрак нишонлари ўз соҳибларига тантанали равишда топширилди.

Вилоят суди раисининг ўринбосарлари Ш.Мамадияров ва З.Аллабаев сўзга чиқиб, устозларни юксак эътироф билан табрикладилар. Уларнинг шарафли меҳнат фаолияти ҳақида сўз юритиб, бугунги кунда ҳам шогирдларга йўл-йўриқ кўрсатиб катта кўмак беришаётганларини таъкидлашди.

-  Бугунги шарт-шароитларни кўриб ҳавасимиз келаяпти, - деди суд фахрийси Иброҳим Ачилов. – 1980 йилда Зомин тумани судига раис бўлиб борганимда, судда битта эски ёзув машинкаси бор экан. Унинг ҳам битта ҳарфи синиб қолган эди. Янги машинка сўраб кирмаган эшигим қолмаган. Москвадан рухсат олиш керак экан. Кейин шу машинкани таъмирлаб ишлатганмиз. Бугунги бу шарт-шароитларни, судьяларга бўлган эътиборни қадрига етиб, ҳар қанча фидокорлик билан, садоқат билан ишласангизлар арзийди. Биз кексаларга берилган эътибор учун Президентимизга, Олий суд ва Судьялар олий кенгашига ҳамда вилоят суди раҳбариятига чексиз миннатдорчилик билдирамиз.

Тадбирда вилоят суди судьялари ҳам сўзга чиқиб фахрийларни қутладилар. Бугун юртимизда мазкур соҳада рўёбга чиқарилаётган ўзгаришларнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.