Вилоят транспорт бошқармаси ходимлари лицензиясиз “Дамасчи”дан пул талаб қилиб, пора билан қўлга тушди
Фуқаролардан бири вилоят ИИБга мурожаат қилиб, “Автомобиль ва дарё транспорт агентлиги” ходимлари ундан пора талаб қилаётганини маълум қилган ва чора кўришни сўраган.
Маълум бўлишича, 12 апрель куни мазкур фуқаро “Дамас” русумли автомашинаси билан Самарқанд шаҳрида киракашлик фаолияти билан шуғулланиб юрган вақтида, Самарқанд шаҳри Унивеситет хиёбони кўчасида хизмат олиб бораётган, ўзини “Автомобиль ва дарё транспорт агентлиги” ходимлари деб таништирган шахслар уни тўхтатган. Ҳайдовчига лицензиясиз такси қилиб юрганини айтиб, унга баённома расмийлаштирмаслик эвазига 500 000 сўм миқдорида пул талаб қилиб, олдиндан 200 000 сўмини олган. Қолган 300 000 сўм пулни талаб қилиб келаётган бўлган.
Мазкур аризага асосан, 2022 йил 13 апрель куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими ходимлари ҳамкорлигида, тезкор тадбир ўтказилиб, “Автомобил ва дарё транспорт агентлиги” ходимлари Э.О. ва А.С.лар ариза муаллифидан 300.000 сўм миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Вилояти ИИБ томонидан маълум қилинишича, ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.