Вилоят ХТБ доим раҳбар ва педагог ходимларни зиёли сифатида самимий ва хушмуомала бўлишга чақиради
Нарпай тумани халқ таълими бўлимининг собиқ мудири М.Юлдошевнинг ходимларга нисбатан қўпол муносабати, халқ таълими ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилгани билан боғлиқ веб-сайт ва ижтимоий тармоқларда турли овозли ёзувлар, фото ва видеоматериаллар тарқалиб, жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
М.Юлдошев ушбу хатти-ҳаракати туфайли ўз аризасига мувофиқ, Халқ таълими вазирининг 2020 йил 8 июндаги буйруғига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани ҳам жамоатчиликка маълум.
Ижтимоий тармоқларда бўлиб ўтган ушбу ҳолатлар юзасидан вилоят халқ таълими бошқармасининг муносабати билдирилмаганлиги ҳақида фикрлар тарқалди.
Бу ҳақда шуни маълум қиламизки, Нарпай тумани халқ таълими бўлимининг собиқ мудири М.Юлдошев фаолияти билан боғлиқ ҳолатлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалгач, нафақат Нарпай тумани, балки вилоят халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган барча раҳбар ходимларнинг белгиланган вазифаларни қонун талаблари асосида бажариши, муассасалар раҳбар ва ходимларининг манфаатини ҳурмат қилиш, уларнинг шаъни, қадр-қимматини оёқости қилмаслик юзасидан 2020 йил 29 май куни вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмоновнинг туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари мудирлари ҳамда директорларга мурожаати эълон қилинди. Ушбу мурожаат бошқарманинг расмий каналларида, шунингдек, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг uza.uz, “Zarafshon” газетасининг онлайн нашри — Zarnews.uz сайтлари ва телеграм каналларида эълон қилинди.
Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлигига вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан М.Юлдошевга нисбатан меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда чора кўришни сўраб мурожаат ҳам қилинган.
Жорий йилнинг 29 май куни эса Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати томонидан бу ҳақда илк расмий муносабат ҳам билдирилган.
Вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарияти соҳада фаолият олиб бораётган барча раҳбар ва педагог ходимларни, нафақат ўз вазифасига масъулият билан ёндашишга, шу билан бирга, зиёли сифатида самимий ва хушмуомала бўлишга доим чақириб келган.
Жорий йилнинг 11 июнь куни Daryo.uz сайти орқали “Нарпай туман ХТБ масъули жинояти учун лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлганди. Бироқ у фаолиятини давом эттирмоқда” номли мақола ҳам эълон қилинди. Ушбу ҳолат юзасидан Нарпай тумани ХТБнинг кадрлар бўйича етакчи мутахассиси Ғулом Исмоилов билан тузилган меҳнат шартномаси ўз аризасига асосан, 2020 йил 1 июндан эътиборан бекор қилинганлигини маълум қиламиз.
Дарҳақиқат, Daryo.uz мухбири томонидан вилоят халқ таълими бошқармасига тақдим этилган, Жомбой туманидаги 43-мактаб директорининг фаолияти билан боғлиқ аудио ва видео материаллар хусусида ўрганиш натижаларига мувофиқ муносабат билдирилади.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.