Вилоятда 176 та янги археология маданий мерос объекти аниқланган: Аммо 130 та объект йўқолиб кетиш хавфи остида

Бу ҳақда Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Ботир Шайманов матбуот анжуманида журналистларга маълум қилди.

Б.Шаймановга кўра, вилоятда 1607 та моддий-маданий мерос объектлари рўйхатга олинган. Шундан 1011 та республика, 596 та маҳаллий аҳамиятдаги моддий маданий мерос объектлари бўлиб, 221 та шахсий мулкдаги тураржой бинолари ҳисобланади. Уларнинг 973 таси археология, 564 таси архитектура объектлари, 36 таси монументал санъат асарлари, 34 таси диққатга сазовор жойлардир. Маданий мерос объектларининг 483 таси Самарқанд шаҳрида, 1124 таси Каттақўрғон шаҳри ва туманларда жойлашган.

Вилоятдаги моддий-маданий мерос объектларини аниқлаш, ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, тарғиб қилиш, давлат реестри, электрон каталоги, паспорти ва давлат кадастрини юритиш, қўриқланадиган теграларини белгилаш ҳамда соҳада доимий равишда давлат назоратини амалга ошириш мақсадида қатор ишлар қилинган.

Жумладан, объектларга 815 та муҳофаза белгилари, 244 та йўл кўрсаткичлари ўрнатилган. 1537 та объектларга жамоатчи инспекторлар бириктирилиб, давлат кадастр ҳужжатлари тайёрланган. Туризм салоҳиятига эга моддий маданий мерос объектларида 13 та WI-FI va QR-кодлар, 50 та аудиогидлар ўрнатилган.

Шунингдек, 1607 та объект қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш учун маданий мерос агентлигига тақдим этилиб, 789 та объектнинг паспорти шакллантирилган. Бундан ташқари, 130 та йўқолиб кетиш хавфи бўлган археология маданий мерос объектлари масаласи ҳақда маълумот маданий мерос агентлигига тақдим этилган.

Вилоятда ўтган давр мобайнида 176 та янги археология маданий мерос объектлари аниқланган ва ҳозирда уларда ўрганиш ишлари олиб бориляпти. Шунингдек, вилоятдаги диққатга сазовор масканларда маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг объектларга киришини электрон ҳисобга олиш учун замонавий турникетлар ўрнатиш ишлари давом этмоқда.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.