Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

9600 нафар ишсиз фуқаро касб-ҳунарга жалб қилинган

Бу ҳақда вилоят бандлик бош бошқармаси масъуллари ва ОАВ вакиллари иштирокида ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта ўқитиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг сарҳисобига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

- Жорий йилнинг ўтган 10 ойида 9600 нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқаро 43 турдаги ишчи касблар бўйича ўқитишга жалб этилди, - дейди вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Эркин Тошботиров. - Шундан 7445 нафари аёллар, 5337 нафарини ёшлар ҳамда 242 нафарини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади. Ўқишга жалб қилинганларнинг 1562 нафари ишсиз (стипендияли), 8037 нафари иш қидирувчи сифатида (стипендиясиз) ўқитишга жалб этилган. Жорий йилнинг ноябрь ойи ҳолатига кўра, ўқишга жалб қилинган фуқароларнинг 4829 нафари ўқишни тугатган ва 4 338 нафарининг бандлиги таъминланган, 3055 нафар фуқаро ўқишни давом эттирмоқда.

Жумладан, касб-ҳунар ўргатишга жалб этилган фуқароларнинг 8219 нафари бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги “Ишга марҳамат” мономаркази, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва масканларида, 1232 нафари турли вазирлик ва идоралар тасарруфидаги касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларда ташкил этилган қисқа муддатли ўқув курсларида, 55 нафари миллий ҳунармандчилик йўналишида “Уста-шогирд” услубида, 93 нафари нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ўқитилди.

Вилоятда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги “Ишга марҳамат” мономаркази, 5 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази - Самарқанд шаҳар ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази (KOICA), Каттақўрғон касб-ҳунарга ўқитиш маркази, Булунғур, Жомбой ва Иштихон касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ҳамда туман (шаҳар)ларда 122 та маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш маскани фаолият юритмоқда. Шунингдек, вилоятда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатга кетаётган шахсларни ва банд бўлмаган аҳолини қурилиш соҳаси бўйича ўқитиш мақсадида “Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази” ташкил этилган.

Эркин Тошботировнинг таъкидлашича, “Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази”да фуқаролар 14 та касбга ўқитилади. Хусусан, жорий йилда 500 нафар аҳоли марказга жалб қилиниб, 150 нафари мигирация шартномалари асосида Россия, Беларусь, Қозоғистон ва бошқа давлатларга кетган.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.