Вилоятда енгил атлетика тури бўйича қўлга киритилаётган ютуқлар салмоқлими?

Вилоят енгил атлетика федерациясининг 2020 йил якуниларига бағишланган ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди.

Унда федерация раиси, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов қатнашиб, федерациянинг ўтган йилдаги фаолияти ва 2021 йилдаги режалари ҳақида гапирди. Сўнгра бош мураббий Т.Гладкова 2020 йилда эришилган ютуқлар, бой берилган имкониятлар бўйича ҳисобот берди.

Таъкидлаш лозимки, 2020 йилда вилоят бўйича 60 нафар мураббий-ўқитувчига спорт-мураббийлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома-лицензия берилган. Шунингдек, 2 та республика чемпионати ва 2 та республика кубоги мусобақаларида Самарқанд вилояти умумжамоа ҳисобида 2 ва 3-ўринларни эгаллаган. Туркияда ўтказилган халқаро мусобақада спортчимиз Эргаш Нормуродов битта кумуш, битта бронза медали соҳиби бўлган.

Бахтиёр Мустафаев.

***

Спорт фестевали

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Миллий Олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда Қўшработ туманида “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида спорт фестивали ташкил этди.

Ушбу спорт байрамида туман аҳолиси, айниқса, ёшлар спортнинг шахмат, шашка, кураш, камондан отиш, каратэ, стол теннис, тош кўтариш турлари бўйича ўз чиқишларини намойиш этди.

***  

Аралаш жанг

Яқинда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “Underdog” промоушени томонидан ўтказилаётган ММА кечаси бўлиб ўтди. Унда нарпайлик Ўғилой Насимова Октагонга кўтарилиб, биринчи раундда мезбонлар вакили Гулмира Сабиржанова устидан ғалаба қозонганди.

Яқинда Нарпай туман ҳокими Шерзод Раҳмонов Ўғилой Насимованинг хонадонида бўлиб, уни ғалаба билан табриклади.

***

Бадиий гимнастика

Самарқанд шаҳридаги 2-сон болалар-ўсмирлар спорт мактабида бадиий гимнастика бўйича “Нафосат маликалари” иштирокида спорт фестивали ташкил этилди.

Унда 100 нафарга яқин ёш гимнастикачилар ўз маҳоратларини намойиш этди. Улар орасидан энг маҳоратлилари саралаб олинди.

***

Таэквондо ИТФ

Тойлоқ тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида ёшлар ўртасида таэквондо ИТФ бўйича вилоят чемпионати ўтказилди.

Муросасиз кечган баҳсда 150 нафардан ортиқ ўғил ва қизлар ўзаро беллашди. Мусобақа натижасига кўра, умумжамоа ҳисобида Тойлоқ тумани БЎСМ жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни Ургут тумани 1-сон БЎСМ жамоаси эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Тойлоқ туманидаги 28-мактаб жамоасига насиб этди.

***

Кореялик таэквондо мураббийи Булунғурда бўлди

Вилоят таэквондо WT федерацияси раҳбарияти ва Самарқанд таэквондо мактаби асосчиси кореялик Юн Ёнг Су Булунғур туманида бўлди.

Меҳмонлар Булунғур туман таэквондо WT спорт мураббийлари ҳамда тарбияланувчилари билан учрашиб, маҳорат машғулотлари ташкил этди.

Кореялик меҳмон туманда мазкур спорт турини ривожи борасида амалга оширилган ишлар, бунинг учун яратилган шароитлар билан танишди.

***

Кураш

Ургут туманидаги Испанза маҳалласида "Соғлом ҳаёт сари" шиори остида кураш мусобақаси бўлиб ўтди.

Туман хокимлиги, туман давлат солиқ инспекцияси ҳамда туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими ташаббуси билан ташкил этилган мусобақада 120 нафарга яқин ўсмир ёшлар 7 тоифа вазн бўйича бел олишди.

Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида 92-мактаб жамоаси биринчи ўринни эгаллади. 64-мактаб жамоаси иккинчи ўринга лойиқ кўрилди. 53-мактаб жамоаси эса учинчи ўрин билан кифояланди.

Аҳрор Шамсиев.