Вилоятдаги сув ҳавзалари хавфсизликни таминлай олаяптими?

Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси акваторияларининг пляж зоналарида дам олувчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори эълон қилинганига роппа-роса икки йил бўлди. Ушбу қарор иловасида "Сувда бахтсиз ҳодисалар (одамлар ўлими) тез-тез рўй бериб турадиган жойларни аниқлаш ва маҳаллий аҳоли ва дам олувчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш шарти билан қирғоқ бўйлаб чўмилишни тақиқловчи белгилар ўрнатиш", "Сувда оммавий дам олишнинг белгиланган жойларида сувни касаллик келтириб чиқарувчи микроблар мавжудлиги юзасидан даврий назорат текширишларини ташкил этиш", "Пляжларда ва сувда оммавий дам олинадиган жойларда хавфсизлик чоралари бўйича маълумотлар берувчи плакатлар ўрнатиш" каби талаблар белгиланган. Лекин белгиланган талаблар аксарият туманлардаги сув ҳавзаларида ҳали-ҳамон бажарилган эмас. Яна бир томони, болалар чўмиладиган жойлар расман ҳеч қаерда қайд қилинмайди ҳам. Мисол учун, Тойлоқ туманидаги Қорасув канали ёзда болаларнинг энг севимли жойи. Аммо худди шу каналда юқоридаги талаблар у ёқда турсин, кези келганда қорамол чўмилтираётганлар ҳам, машинасини юваётганлар ҳам топилади. 

Юқоридаги ҳужжатда эса сув ҳавзаларининг тозалиги, қутқарув ускуналари билан жиҳозланишига оид талаблар келтирилган бўлиб, чўмилиш ва сув ҳавзаларида дам олиш жойлари маҳаллий ҳукумат томонидан, шаҳар қурилишига оид ҳужжатларга кўра белгиланади. Дам олиш жойлари ва пляжлар санитария талабларига жавоб берадиган, сув ҳавзасининг қирғоқдан узоқлиги 50 метргача ва чуқурлиги 3 метргача бўлган туби ахлатдан, дарахтлар томири ва ўзга предметлардан тозаланган бўлиши керак. Расман чўмилиш ҳавзаси ҳисобланмайдиган, амалда бошқа жойнинг ўзи бўлмагани учун болалар гавжум сув ҳавзаларида бу талаблар ҳақида гапириш, афсуски, ортиқча.
 Фарҳод қўрғони яқинида ҳам бир нечта чўмилиш ҳавзаси бор. Ҳартугул, уларда "эга" бор. Сабаби чўмилишга бораётганлардан маълум миқдорда пул олинади. Аммо юқоридаги талабларнинг ярми ҳам бу ерда мавжуд деб бўлмайди. 
Хуллас, айни вақтда вилоятимизнинг ҳар бир туман, шаҳрида бир нечтадан чўмилиш ҳавзалари зарур. Мавжуд сув ҳавзаларидан эса тегишли тартибда фойдаланишни тезроқ йўлга қўйиш керак.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.