Вилоятлараро автобуслар «қизил» ҳудудларда тўхтамаган ҳолда ҳаракатланади
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг навбатдаги ахбороти эълон қилинди.
Республика махсус комиссияси қарорига кўра, «яшил» ҳудудларда жойлашган санаторий, панционат, болалар оромгоҳлари ва бошқа дам олиш масканларига фуқароларни марказлаштирилган тартибда ташиш учун вилоятлараро автобуслар, шу жумладан, туристик ташкилотлар автобуслари қатновини йўлга қўйишга рухсат берилди.
Бунда:
* автобусларда ҳайдовчи ва йўловчилар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши лозимлиги, шунингдек, уларнинг тана ҳарорати пирометрларда ўлчаниб, 37 даража ва ундан юқори бўлган ҳолатда уларнинг автобус салонига чиқарилмаслиги;
* автобуслар вилоятлараро қатновларда «қизил» ҳудудларда тўхтамаган ҳолда ҳаракатланади;
* автобуслар доимий равишда ҳар қатновга чиқишдан олдин тўлиқ дезинфекциядан ўтказилади;
* автобусларда ҳаракатланаётган йўловчиларнинг рейслар кесимидаги рўйхати (базаси) юритилади.
Шунингдек, шахсий автотранспорт воситаларининг вилоятлараро ҳаракатланишига йўл қўйилмаслиги (Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно) талаби устидан қатъий назорат ўрнатиш белгиланди.