Халқаро анжуман: “Сунъий интеллект ва рақамли таълим технологиялари: амалиёт, тажриба, муаммо ва истиқболлар”
Самарқанд давлат университетида шу мавзудаги халқаро илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади.
Унда Малайзия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Россия, Қирғизистон давлатларининг ва маҳаллий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этмоқда.
- Бугун дунё IT технологиялари устига қурилган, - деди университет профессори, педагогика фанлари доктори Маҳмуд Лутфиллаев конференция аввалида. – Шундай экан, биз хорижий ҳамкасблар билан бу борада мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатишимиз, ўзаро тажриба алмашишимиз лозим.
Дарҳақиқат, бугун сунъий интеллект ва рақамли таълим технологиялари ривожланаётган бир даврда талабаларни бу борада ўқитиш, илмий изланишлар олиб бориш, билим ва кўникмаларни янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, Болонья таълим тизимига ўтиш даврида рақамли таълим технологияларини кенг қўллаш ва ундан самарали фойдаланишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Конференциянинг очилиш маросимида бир-биридан қизиқарли мавзуларда хорижлик ва маҳаллий профессор-ўқитувчилар ўз маърузалари билан қатнашди. Масалан, Ўзбекистон Миллий университетининг Киберхавфсизлик ва рақамли технологиялар илмий-инновацион маркази директори, техника фанлари доктори Анвар Қобилов “Киберхавфсизликда сунъий интеллектнинг мантиқий усуллари” номли маърузасида дунёда содир бўлаётган кибержиноятлар, унга имкон берувчи хавф-хатарлар, уларни олдини олиш бўйича жаҳон амалиётини батафсил тушунтириб берди.
Шунингдек, икки кун давом этадиган халқаро илмий-амалий анжуманда олий таълим тизимида рақамли ва ахборот технологияларининг имкониятлари, олий таълимда сунъий интеллектни қўллашнинг назарий асослари, рақамли таълимда ўқув жараёнини ташкил этиш каби олтмишдан ортиқ мавзуларда маърузалар тингланади. Ўзаро тажрибалар алмашиниб, муаммоларга ечим ахтарилади.