Халқаро авиакомпаниялар йўловчилар ҳақидаги маълумотни Ўзбекистон ДХХга тақдим этади
2020 йилнинг 1 июль кунидан бошлаб Ўзбекистон Республикасига парвозларни амалга ошираётган хорижий мамлакатлар ҳаво кемаларининг барча эксплуатантлари томонидан йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар ИКАОнинг стандарт форматида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига тақдим этилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар билан ишлаш ДХХ ЧҚ томонидан ишлаб чиқиладиган тизим бўйича амалга оширилади.
Хорижий мамлакатлар авиация маъмуриятлари ва хорижий авиаташувчилар ДХХ ЧҚга халқаро ташувчилар томонидан йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумот мажбурий равишда тақдим этилиши тизими амалга киритилиши тўғрисида хабардор қилинади.
Ўз навбатида, мазкур тартибнинг жорий этилиши хорижий туристларнинг мамлакатга келишлари, бўлишлари ва республика ҳудудидан чиқиб кетишларида қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилади.
Маълумот учун, ИКАО стандартлари техник талаб бўлиб, унинг ягона тартибда қўлланилиши халқаро фуқаро аэронавигациясининг хавфсизлигини ёки мунтазамлигини таъминлаш учун зарурдир. ИКАО тавсия этиладиган амалиёти ҳам техник талаб бўлиб, унинг ягона тартибда қўлланилиши халқаро фуқаро аэронавигациясининг хавфсизлигини, мунтазамлигини ёки самарадорлигини таъминлаш учун мақсадга мувофиқ ҳисобланади.