Халқаро форум: Ўзбекистон ва Қирғизистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида малакали мутахассислар тайёрланади
Қирғизистон Миллий аграр университетида бўлиб ўтган халқаро форум Қирғизистон ва Ўзбекистонда олий таълимни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тегишли тармоқлар талабларини қондиришга бағишланди.
Форум Европа Иттифоқининг ERASMUS+ дастури молиявий кўмагида “AgroDev”нинг “Саноатларни қўллаб-қувватлаш, сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари барқарор ишлаб чиқаришни таъминлашга қаратилган олий таълимни такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон, Польша, Австрия ва Венгриядан таклиф этилган экспертлар тақдимот қилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг тўртта иштирокчи университетидан 12 нафар талаба қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини сифат ва озиқ-овқат хавфсизлиги стандартларини жорий этишга рағбатлантириш каби йўналишларни қамраб олган плакатларни тақдим этди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари ҳам учта мавзуда плакатлари билан иштирок этди. Талабалар ўз ишларида озиқ-овқат хавфсизлиги, унинг муҳим ўринлари ҳақида тўхталди. Озиқ-овқат хавфсизлиги мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Яхши амалга оширилган озиқ-овқат хавфсизлиги стратегияси озиқ-овқат нархларини барқарорлаштириш, қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестицияларни рағбатлантириш ва озиқ-овқат экспортини рағбатлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга ёрдам беради.
Талабалар плакатларини баҳолаш учун махсус ҳакамлар ҳайъати ташкил этилди ва энг яхши плакатлар танлаб олинди. Тадбирда энг яхши плакат муаллифлари тақдирланди.
Форум давомида қишлоқ хўжалигидаги кичик фермер хўжаликлар ва ташкилотларни боғловчи асосий омиллар ўрганилди. Бунинг натижасида кўпгина масалалар ечим топишга кенг йўл очилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилмоқчи бўлган фермерлар бир қанча асосий омилларни билиши зарурлиги кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон олий таълим муассасаларида сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини барқарор етиштириш бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш масаласи муҳокама этилди.
Озода ПАРДАЕВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
Самарқанд филиали кафедра мудири, доцент.