Хавотирга ўрин йўқ! Ҳайдовчилар «Avtotest» ўрнига «Ватанпарвар»да малака оширишлари мумкин

Куни кеча ижтимоий тармоқларда «Avtotest Report» масъулияти чекланган жамияти юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларини, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш бўйича фаолиятини тўхтатишини эълон қилди.

Бу хабар эълон қилингач ҳаракат иштирокчиларида “энди, малака ошириш учун қаерга мурожаат қилишимиз керак?” деган саволлар туғилди.

Шунга жавобан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси мазкур масала юзасидан баёнот билан чиқди:

"Маълум қиламизки, ҳозирги кунда Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти малака ошириш курсларини очиш учун лицензия олиш ишларини ниҳоясига етказмоқда".

“Ватанпарвар” ташкилотининг республиканинг барча ҳудудларида тармоқлари мавжуд. Яқин кунларда юридик мақомдаги ташкилотлар “Ватанпарвар” ташкилотининг ҳудудий тармоқларига мурожаат қилишлари ҳамда белгиланган тартибда малака ошириш курсларида ўқишлари мумкин бўлади.