Хэ Чжэньвей: Ҳозир Ўзбекистонга инвестиция киритиш учун қулай фурсат
Хитой Халқ Республикасининг хорижий корхоналарни ривожлантириш бўйича Хитой ассоциацияси (CODA) бош котиби Хэ Чжэньвей бошчилигидаги ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация 13 июль куни Самарқанд шаҳрига келди.
Самарқанд вилояти ҳокимлигида ўтказилган учрашувда вилоят ҳокими Э.Турдимов меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Хитой ва Ўзбекистон ўртасида кейинги йилларда савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланганини қайд этди.
Икки давлат минтақалари ўртасида йўлга қўйилган яқин ҳамкорлик туфайли Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва ишбилармон доиралар вакиллари Хитойнинг бир қатор провинцияларида бўлиб, икки томонлама муҳим келишувларга эришди. Ўз навбатида бир неча бор Хитой делегацияси Самарқандга ташриф буюриб, ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар ишлаб чиқилди.
Э.Турдимов хорижий корхоналарни ривожлантириш бўйича Хитой ассоциацияси (CODA) аъзоларига Самарқанд вилоятида туризм, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, чиқиндини қайта ишлаш ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун кенг имкониятлар мавжудлигини маълум қилди.
Шундан сўнг Самарқанд вилоятининг инвестицион салоҳияти, хорижлик ҳамкорлар учун яратилган имконият ва қулайликларга оид, шунингдек, амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Меҳмонларга вилоятнинг иқтисодий имкониятлари, транспорт-логистика тармоғи, коммуникация тизимлари ҳақида маълумот берилди.
– Самарқанд бой тарихга эга шаҳар ва биз бу ерга келганимиздан жуда хурсандмиз, – дейди хорижий корхоналарни ривожлантириш бўйича Хитой ассоциацияси (CODA) бош котиби Хэ Чжэньвей. – Кейинги йилларда бизнинг тадбиркорларда Ўзбекистонга, бу ерда бизнес фаолиятни йўлга қўйишга қизиқиш ортиб бормоқда. Бугунги тақдимотлар, бизга берилган маълумотлардан сўнг ҳамкорликда ишлашга иштиёқимиз ошди. Айни пайтда Ўзбекистонда инвестиция киритиш, юртингиз тадбиркорлари билан қўшма корхоналар ташкил этиш учун қулай муҳит яратилган. Бунинг учун хом ашё ҳам, зарур ишчи кучи ҳам, энергия ресурслари ҳам етарли. Яна бир эътиборли томони шундаки, Ўзбекистон Хитой томонидан илгари сурилган “Бир макон – бир йўл” лойиҳасида иштирок этмоқда ва бу икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши шубҳасиз.
Хитойлик меҳмонлар Самарқанд вилоятидаги бир қатор корхоналарда ҳам бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди.