Хитой иқтисодий модeрнизациясига бир назар
Хитой модернизацияси ва ислоҳотлари яқин тарихини ўргансак, кўплаб эволюцион сиёсий ўзгаришларнинг гувоҳи бўламиз. Буни синчиклаб илмий тадқиқ қилиш ҳар бир мамлакат миллий ривожланиши учун катта ёрдам беради, сабаби бу мамлакатдан ўрганадиган жиҳатлар жуда кўп.
Сўнгги юз йилни кўздан кечирсак, дастлаб инқилобчи-демократ Сунь Ятсен (1866–1925) XIX аср бошида авторитар сиёсий тизимни демократик тизимга ўзгартиришни хоҳлади, лекин бунга оралиқ босқичларда ўтмоқчи бўлганида, ислоҳотлар тўхтаб қолди.
Хитой Халқ Республикасининг асосчиси Мао Цзэдун (1893-1976) ташаббуси билан 1960-70 йилларда амалга оширилган “Катта сакраш” ва “Маданий инқилоб” кампаниялари юрт бошига кулфатлар ёғдирди. “Йўқсиллар отаси”нинг 33 йиллик раҳбарлик фаолиятидаги (1943–76) муҳим хизмати шу бўлдики, оғир даврда Ғарб империяларининг ҳамласига чап бериб, мамлакат яхлитлигини сақлаб қола билди.
“Буюк доҳий” вафотидан кейин мамлакат тепасига ишнинг кўзини биладиган арбоб Дэн Сяопин (1904-1997) келгандан кейин ҳақиқий ислоҳотлар даври бошланди. Қизил шиорлар, баландпарвоз чақириқлар билан халқни тўйдириб бўлмаслигини англаган етакчи иқтисодиётни бирмунча эркинлаштириб, жамиятга капиталистик бозор муносабатлари элементларини олиб кирди. Хусусий мулк давлат ва жамоат мулкидек дахлсиз деб эълон қилинди, хориж сармоядорларига бир талай имтиёзлар берилди. Дэн Сяопин бошлаб берган “очиқ эшиклар” сиёсатини унинг ворислари муносиб давом эттирди.
Дэн Сяопин раҳбарлиги даврида олиб борилган туб ислоҳотлар ижобий натижаларга олиб келди. Раҳбариятнинг бош мақсади “социализмни ағдариш эмас, балки уни такомиллаштириш ва янгилаш бўлди.” У тоталитар тизимни мукаммал демократик тизимга алмаштиришни хоҳламади. Аммо жамият модернизациясини моҳирлик билан амалга ошира олди. Сяопин Коммунистик партия Бош котиби, ХХР Давлат кенгаши раиси ўринбосари (1956–1966), КП Ҳарбий кенгаши раиси лавозимларида узоқ йиллар ишлаб, катта обрў-эътибор қозонган арбоб эди. Дастлаб 1956 йил сентябрда, Хитой КП VIII съездида сўзлаган тарихий нутқида у “жамиятни демократлаштириш, партия органлари ва ҳокимиятнинг маъмурий органлари ваколатларини тақсимлаш, “бошқарувчилар – бошқарилувчилар” тизимини бузиш, “доҳийлик” касалидан қутулиш ташаббуслари билан чиқди. Бироқ унинг фикрлари инобатга олинмади ва 50 йилларда кутилган ислоҳот 20 йилга кечикди – Дэн Сяопин ва хитой халқи тақдирида у “аччиқ “ йигирма йилга айланди”. 1966-1969 йиллардаги “маданий инқилоб” пайтида Дэн ва унинг маслакдошлари қатағон қурбонига айланишди. Дэн 1973 йилда оқланди, 1976 йилда эса барча ҳокимиятни яна қўлига қайтаришга эришди.
Дэн Сяопин давлат ва жамият чинакам фаровонликка эришишини истаган Буюк арбоб эди. У ислоҳотни қишлоқ хўжалигидан, барча “халқ коммуна”лари тизимини бекор қилишдан бошлади. Капитализм йўлини танлади ва иқтисодиётга бозор ислоҳотини қўллади – шунда хорижий инвестициялар оқими кириб кела бошлади. 1978 йил 13 декабрда эса “пролетар демократик принциплар”ни жорий этишга астойдил киришди. “Тяньаньмэн қушхонаси” номини олган 1978 йилдаги талабалар норозиликлари пайтида Сяопиннинг айтган машҳур фикрлари қуйидагилар эди: “Халқимизга ўз фикрини айтишга рухсат беришимиз керак. Агар мавжуд тартиботдан норози одамлар демократиядан фойдаланиб, тартибсизликни келтириб чиқармоқчи бўлса, бу унчалик қўрқинчли эмас. Биз уларга қарши зарур чораларни қўллаб, омманинг аксар қисмини эгри билан тўғрининг фарқига боришга ишонтирамиз”.
Ўшанда Сяопин яна бир ғояни илгари сурганди: демократияда марказлаштириш, қонун устуворлиги, қаттиқ тартиб-интизом, партия раҳбарлиги тамойилидан четга чиқмаслик тамойилларига амал қилишга ҳаммани чақирди. Кимки бу масалада хатога йўл қўйса, демократиянинг бекорчи сафсаталарига, ультрадемократизм тарқалишига, жамиятда анархияга, сиёсий барқарорлик бузилишига ва мустаҳкам бирлигимизнинг барбод бўлишига зарар етказган бўлади, деди у. Бизнингча, иқтисод ва сиёсат уйғунлиги ҳақидаги бундай сиёсат мамлакатимиз учун ҳам энг мақбул йўлдир. Бу эса олдин бозор иқтисоди, кейин ошкоралик деганидир.
Хитой раҳбари 1978 йилги мамлакат Конституциясидан “ўз фикрини кенг доирада айтиш, мунозараларда дунёқарашини тўлиқ ифодалаш”, деган сўзларни чиқариб ташларкан, бунга шундай изоҳ берди: “Социалистик демократияни ривожлантириш учун булар зарур бўлсада, барқарорликни сақлаш ва демократияни ривожлантиришга ёрдам бермайди, балки кўп йиллик тажриба ва иш услубимизга ишончсизликни уйғотади”. 1980 йил августдаги “Давлат ва партия тизимида бошқарувни қайта қуриш” номли нутқида эса сиёсий ислоҳотларнинг асосий тамойилларини аниқ чизиб берди.
Модернизация босқичлари
Сяопин иқтисодий сиёсатини ўрганган олим С.Сафоев мамлакатда ўша пайтда модернизациянинг “уч босқичли” стратегияси ишлаб чиқилганини таъкидлайди: “Биринчи босқичда ЯИМни 1980 йилга нисбатан икки баравар кўпайтириш, аҳолини озиқ-овқат ва энг зарур маҳсулотлар билан таъминлаш масаласини ҳал қилиш режалаштирилди. Иккинчи босқичда 2000 йилгача ЯИМни яна икки баравар ошириш ва турмуш даражасини “кичик фаровонликлар” даражасига етказиш мўлжалланди. Ниҳоят, учинчи босқичда XXI аср ўрталаригача модернизацияни якунлаш, “кичик фаровонлик” жамиятидан (2020 йил) модернизация қилинган жамиятга ўтиш кўзда тутилди”. Бу мақсадга тўла эришилди, дейишга асослар бор. 2023 йилга келиб, Хитой дунёда иккинчи супер державага айланиб, ялпи ички маҳсулоти 20 трлн. доллардан ошиб кетди. Бунинг илдизида хитойликлар сиёсатда социализм, иқтисодда капитализм таълимотига тўлиқ суяниб иш кўришини таъкид этишимиз мумкин.
Хитойнинг сиёсат бобида бошқа давлатлардан фарқи шундаки, мамлакатда таълим-тарбия мафкурага бўйсундирилган. Мактабларда мафкурага оид дарслар соати ниҳоятда кўп. Ҳар бир хитойлик учун “мамлакатни севаман”, “халқни севаман”, “меҳнатни севаман”, “илмни севаман”, “социализмни севаман” каби бешта шиорлар ҳар бир соҳада ишлайди. Олимларнинг фикрича, мамлакат этник таркибининг 93 фоизи хитойлик бўлиб, ягона ғоя атрофида бирлашиши ва якдиллиги ҳам миллий ривожланишга катта туртки бермоқда.
Ислоҳотлар қишлоқдан бошланди
Ислоҳотлар аҳолининг 80 фоизи яшайдиган қишлоқда оила пудрати тизимини оммавий жорий этишдан бошланди. Янги тизимга биноан, деҳқон хўжаликларига жамоа ери 15 йилга ижарага берилди, кейинроқ бу 30 йилга узайди. Маҳсулоти бир қисмини бозор нархида сотиш ҳуқуқини қўлга киритган деҳқонларнинг даромадлари кескин кўпайди. Хитой ғаллани четдан сотиб олувчидан экспорт қилувчи давлатга айланди. Танланган йўлнинг тўғрилигига ишонган раҳбарият тажрибани шаҳар иқтисодий тизимида қўллаб кўрди. 1984 йили саноатда бозор иқтисоди тамойилларини жорий этишга киришилди. Шу кунга қадар ҳам марказий ҳукумат, ҳам маҳаллий маъмуриятга қараган давлат корхоналарига ишлаб чиқаришни кенгайтириш, бозор конюктурасига мослашиш учун эркинлик берилди. Маҳаллий ҳокимиятнинг назорати камайди, давлат сектори улуши пасайди ва унинг ўрнини хусусий сектор эгаллади.
Сяопиннинг сиёсий ва иқтисодий тизимни модернизациялаш сиёсати жамият ҳаётида ижобий силжишларга олиб келди. Шуни айтиш керакки, ривожланган давлатлар Хитойга демократик чақириқлар билан босим ўтказа бошлаган эди. Бироқ даъват этувчи бундай “талаб”лар жамиятда норозиликни кучайтириб юборди ва 1986 йилда “буржуа либерализми”ни танқид қилиш бўйича компания авж олди. Сентябрь ойида ХКП МК нинг12-чақириқ олтинчи пленумида Сяопин: “Чет эллик буржуазия олимлари биздан эркинлаштиришни кутиш бараварида инсон ҳуқуқлари бузилаётган эмиш, деб жар солишмоқда. Улар миллий қадриятларимизга Ғарб ғояларини қарши қўйиб, жамиятимизни тубдан ўзгартирмоқчи бўладилар. Бизлар эса буларга қараб турмаймиз: объектив вазиятдан келиб чиқиб, муаммоларни ўзимиз ечишда давом этамиз.”
Буюк Хитой миллий менталитети ва қадимий анъаналарига мос бўлган ислоҳотлар йўлини танлади. Таҳлилчиларнинг маълум қилишича, “либерализм масаласида Сяопин жуда эҳтиёткорлик позициясини тутган, демократик ислоҳотларни эса унинг сафдош дўстлари Ху Яобан ва Чжао Цзиянлар амалга оширган”.
Дунё эътирофи
Дэн Сяопиннинг сиёсий модернизациялаш модели мазмун-моҳияти ҳақида хорижда ва Ўзбекистонда кўплаб тадқиқотлар эълон қилинди. Жумладан, араб публицисти Абдулла бин Абд ал-Муҳсин ал-Фараж “Al Riyadh” газетасида эълон қилган мақоласида “Осиё йўлбарслари” давлатлари ютуқларига холис баҳо беради. “Бу гуруҳ анъанавий жамиятдан замонавий жамиятга тезликда ўтиш; келажакка мустаҳкам замин тайёрлаш; арзон ишчи кучидан фойдаланиш, трансмиллий корпорациялар мақсад-интилишини максимум фойда олишга сарфлаш каби омиллар воситасида юксак иқтисодий ўсишга эришди, – деб ёзади муаллиф. – Аммо Хитой, Малайзия, Корея, Сингапур каби “Осиё йўлбарслари” иқтисоднинг мустаҳкам асосини яратиш, келгуси авлодларнинг бу шарт-шароитдан баҳраманд бўлиши учун улар 40 йил мобайнида кечаю кундуз ухламай ишлашди”.
Инқилобий ислоҳотлардан мақсад: давлатни ҳам, халқни ҳам бой қилиш бўлганди. Шу эзгу мақсадга эришилди.
Давлат – бош ислоҳотчи
Хитой модернизациясининг яна бир хусусияти шуки, иқтисодий ва сиёсий жараёнларни хусусий сектор эмас, балки давлатнинг ўзи бошқаради. Шу ўринда, америкаликларнинг модели хусусида. 1991 йилда СССР парчалангандан кейин АҚШ “Вашингтон консенсуси” деган моделни олға суради. Ушбу моделнинг асосий талаби: а) иқтисодиётни ҳаддан зиёд либераллаштириш; б) саноатни хусусийлаштириш; в) бозор эркинлигига давлат аралашувини чеклаш эди.
“Вашингтон консенсуси” модели жаҳонда молиявий инқироз кучайган 2008 йилгача дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланилган. Халқаро экспертлар бундай моделга фақат Хитой модели рақобатбардош бўлишини таъкидлашган эди. Бунинг сабаби шундаки, “Шарқий Европада молия, пул тизими, ташқи савдодаги ислоҳот макродаражада, Хитойда нархлар сиёсати, корхоналарни ислоҳ этиш, нодавлат секторини ривожлантириш микродаражада амалга оширилади”. Бундай модель кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг йўл очиб берилаётган Ўзбекистонга ҳам мос келади.
Рус олими Д.Травин “Европа модернизацияси” китобида Жануби-шарқий Осиёдаги монархия ёки авторитар тизимларнинг “амалда юксак иқтисодий ўсиш”га эришгани факти олдида Ғарб иқтисодчилари ва сиёсатчилари ҳайратда қолишаётгани ҳақида ёзади. Ваҳоланки, назариётчилар Осиёнинг авторитар тизими яратган бозор иқтисоди механизми ёрдамида юқори иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичларга эришиб бўлмайди, деб айюҳаннос солишган эди. Демак, иқтисодий ва сиёсий назарияларни қайта кўриб чиқиш вақти аллақачон келди.
Ҳа, ғарбликлар танқидига учраган Жануби-шарқий Осиё ва Яқин Шарқ давлатлари (Хитой, Япония, Малайзия, Жанубий Корея, Сингапур, Тайван, Таиланд, Индонезия, Бирлашган Амир Амирликлари, Қувайт) иқтисодий модернизацияси дунё олдида энг кучли шарқона тарафларини намоён эта олди.
“Битта белбоғ – битта йўл” ташаббуси
2017 йил май ойида бўлиб ўтган “Битта белбоғ – битта йўл” иқтисодий форуми аҳамият жиҳатидан 1957 йилда бошланган Европа Иттифоқини ташкил қилиш ташаббуси билан баробар эди. Бундай улкан масштабда ўзаро алоқалар ўрнатиш ташаббуси ҳали дунёда бўлмаган.
Cпутник нашрига кўра, ушбу форум бутун дунё иқтисодининг бир неча йиллик тақдирини ҳал қилди. Аслини олганда, “Ипак йўли иқтисодий белбоғи” ҳамда “ХХI аср Денгиз Ипак йўли” глобал лойиҳалари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин томонидан дастлаб 2013 йилда таклиф қилинган эди.“Биз бир-биримизнинг қўлимизни маҳкам тутиб замон чақириқларни кутиб олишимиз керак. Тарихни довюраклар яратади. Келинглар, ўзаро ишончни мустаҳкамлайлик, ёрқин келажак сари биргаликда қадам ташлайлик”, деган эди ўшанда ХХР Раиси Си Цзиньпин.
Буюк транспорт коридорлари “Ипак йўли иқтисодий белбоғи” ташаббуси доирасида бутун Евроосиё қитъасини кесиб ўтган учта транспорт коридори ташкил қилиш кўзда тутилган.
Шимолий: Хитой – Марказий Осиё – Россия – Европа.
Марказий: Хитой – Марказий Осиё, Ғарбий Осиё – Форс кўрфази ва Ўрта ер денгизи.
Жанубий: Хитой – Жануби-шарқий Осиё – Жанубий Осиё – Ҳинд океани.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида икки йўналишдан иборат “Денгиз Ипак йўли” ташкил қилинади:
Биринчиси – Хитой қирғоқларидан Жанубий Хитой денгизи орқали Жанубий Тинч Океани ҳудудига чиқиш.
Иккинчиси – Хитой қирғоқларидан Жанубий Хитой денгизи ва Ҳинд океани орқали Европа билан боғлаш ташаббуси.
Хитой ҳукуматининг ушбу ташаббуси, дунёда глобал молиявий-иқтисодий кризис содир бўлган вақтда, жаҳон ҳамжамиятини ўзаро интеграция қилиш ва иқтисодий ривожланишнинг янги услубларини топиш мақсадида таклиф қилинганлигини биламиз.
“Битта белбоғ – битта йўл” ташаббуси иқтисодий ресурслар тартибли ва эркин ҳаракат қилишини таъминлаш, уларни самаралироқ тақсимлаш, бозор интеграциясини чуқурлаштириш, “белбоғ” бўйлаб жойлашган мамлакатлар иқтисодий сиёсатини ўзаро мувофиқлаштириш, ҳудудий ҳамкорликни кенгайтириш, чуқурлаштириш ва унинг ҳаммани қамраб олган, очиқ шаклини ташкил этишдан иборат.
Бунинг натижасида барча ҳамкорларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам барқарор ривожланишга имконият пайдо бўлади.
Ўзаро ҳамкорлик
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўналишлари 1990 йиллардаёқ белгилаб олинган.
Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар туфайли давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Ўзаро товар айирбошлаш рекорд кўрсаткич – 10 млрд. долларга етди ва кейинги икки йилда 30 фоиздан ортиқ ўсди. Охирги беш йилда Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 20 млрд. доллардан ошди. Кенг кўламли иқтисодий ҳамкорлик бўйича беш йиллик дастур, иқтисодиёт муҳим тармоқлари ва ижтимоий соҳада қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, бунда электрон тижоратни ривожлантириш, саноат кооперацияси бўйича, аввало, автомобилсозлик, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма каби соҳаларда илғор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш, ҳудудларни ривожлантириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этишни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муҳим кўрсаткич шуки, 2023 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида Хитой ва Россиянинг улуши 38 фоизга етди, қўшни мамлакатларнинг улуши эса 17 фоиздан 13 фоизгача қисқарди.
Яна бир факт: "Тhe Wall Street" журнали маълумотига кўра, Россияда 2023 йилдаги рекорд талаб (ҳажми 2022 йилдаги 1,6 миллиардан 11,5 млрд. долларга – 7 бараварга ошгани) туфайли Хитой дунёдаги энг йирик автомобил экспортчисига айланди. Нашрнинг таъкидлашича, Пекин Японияни сиқиб чиқаришга эришди. Хитой йўловчи автомобиллари ассоциацияси маълумотларига кўра, 2023 йилда экспорт ҳажми Япониядан деярли 1 миллион дона автомобилга ошган. Ўзбекистонга 2023 йилнинг ўзида кириб келган Хитой енгил машиналари ва электромобиллари сони ҳам 100 мингдан ошиб кетди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан, давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлиб турибди. Пекинда олий даражадаги музокаралар ҳамда қатор икки томонлама учрашувлар чоғида кўплаб тарихий ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилмоқда.
Таҳлилларга кўра, Хитой модернизацияси ва иқтисодий ривожланишига қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда:
Биринчидан, модернизациялаш (янгилаш, ислоҳ қилиш) учун барқарор шароит яратилган;
Иккинчидан, сиёсий ислоҳотларни ўтказишда миллий қадриятлар, урф-одатлар ва хусусиятлар ҳисобга олинган;
Учинчидан, халқи феноменал даражада меҳнаткаш;
Тўртинчидан, ишчи кучи ниҳоятда арзон;
Бешинчидан, хитойликларнинг социализм йўлидан “оғиши” Ғарбда яхши кутиб олинган ва ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланган;
Олтинчидан, хорижда ишлаётган 70 миллион муҳожирлар (Гонконг ва Тайвандан ташқари) йилига тахминан 700 миллиард долларни мамлакатга юбормоқда.
Юқоридаги муҳим омилларни ва Хитойнинг бозор иқтисоди тажрибасини ўрганиш юртимиз иқтисоди ва сиёсатчилари учун анча фойдали бўлиши мумкин.
Бахтиёр Омонов,
Ўзбекистон миллий университети профессори, сиёсий фанлар доктори.