Хитой ЖССТ мутахассислари коронавируснинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш учун келганини маълум қилди

COVID-19 инфекциясининг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг икки нафар мутахассиси Хитойга етиб келди. Хитой ҳукумати улар билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда 13 июль куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хуа Чунин маълум қилди.

“Икки томоннинг келишувига биноан, ЖССТ COVID-19 инфекциясининг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва маълумот алмашиш учун Пекинга мутахассислар гуруҳини юборди. Айни вақтда ЖССТнинг икки нафар мутахассиси Хитойга етиб келди”, дея маълум қилди Хуа Чунин.

Хуа Чунин Хитой ва ЖССТ вируснинг пайдо бўлиши масаласида якдил эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу халқаро ҳамкорликда, мутахассислар томонидан текширувлар олиб борилиши зурур бўлган илмий масала.

“ЖССТ ҳам шундай фикрда. Вируснинг келиб чиқиши – бу узоқ муддатли жараён ва бу кўплаб мамлакатларга тааллуқли бўлиши мумкин. Агар зарурат туғилса, ЖССТ келажакда бошқа мамлакатларга ҳам шундай текширувлар билан ташриф буюриши мумкин”, деб қўшимча қилди Хуа Чунин.

Бироқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили ЖССТ мутахассислари мамлакатнинг қаерига бориши, кимлар билан учрашишини маълум қилмади.