Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон янги магистрал темир йўли қурилиши бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатида бу "дўст мамлакатларимиз салкам 30 йил давомида интилиб келган том маънодаги тарихий воқеадир" деди.

Айтилишича, Кошғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйича 20 та станция, 42 та кўприк, 25 та тоннель барпо этилади. Бундан ташқари, замонавий транзит-логистика инфратузилмаси, омборхона ва терминаллар қурилади.

Ушбу йўл орқали йилига 15 миллион тонна юк ташилади. Хитойдан Европа мамлакатларига юкларни етказиб бериш масофаси ва муддати бир неча минг километр ва деярли бир ҳафтага қисқаради. Йўловчиларни мунтазам ташишни йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлади.

Келгусида ушбу темир йўл линияси Трансафғон йўлаги билан туташиб, Хитой, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт-коммуникация тармоқларини самарали бирлаштириш ва кучайтиришга имкон яратади.