Ходимни меҳнат таътилидан мажбуран чақириб олиш мумкинми?
Ходимни ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олиш тартиби Меҳнат Кодексининг 232-моддасида ўз аксини топган.
Унга кўра, ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олишга таътилнинг исталган вақтида фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Шу муносабат билан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ходимга мазкур иш йили давомида бошқа вақтда берилиши ёки ушбу Кодекснинг 230 ва 231-моддаларида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда кейинги иш йилида берилиши керак.
Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларни, ҳомиладор аёлларни ва меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимларни ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.
Ходимни таътилдан чақириб олишдаги ўзига хос хусусиятларга қисқача тўхталиб ўтамиз: масалан, ходимга 21 календарь кунидан иборат меҳнат таътили берилди. Ташкилот раҳбари бир ҳафта ўтгач (7 календарь кун), унинг розилиги билан ишлаб чиқариш зарурати туфайли таътилдан чақириб олишни расмийлаштирди.
Шунда таътилнинг 14 календарь куни қолади. Кейинчалик у таътилининг қолган қисмидан тўлиқ фойдаланиши керак. Яъни, энди ходимни таътилдан ҳатто унинг розилиги билан ҳам чақириб олиш мумкин эмас. Сабаби, ходим таътилнинг бўлинмайдиган қисми – 14 календарь кунидан фойдаланяпти.
Чақириб олиш қандай расмийлаштирилади?
Ходимнинг ёзма розилиги олинади. Меҳнат кодексининг 232-моддасида бундай розилик қандай шаклда расмийлаштирилиши кераклиги кўрсатилмаган бўлса-да, меҳнат низосига йўл қўймаслик учун уни ёзма равишда олиш мақсадга мувофиқ. Алоҳида ҳужжат (ариза) расмийлаштириш мумкин, унда ходим таътилдан чақириб олишни сўрайди ёки чақириб олишга розилик билдиради. Агар розилик дастлаб ходимдан оғзаки қабул қилинган бўлса, у кейинчалик чақириб олиш буйруғида акс эттирилиши мумкин. Ходим "Қарши эмасман" деб ёзади ва имзосини қўяди.
Ходимнинг ушбу розилиги асосида буйруқ чиқарилади ва ходимга таништирилади. Буйруқда чақириб олиш сабаби кўрсатилиши шарт. Агар томонлар жорий йилда таътилнинг бир қисмини беришга келишиб олган бўлса, буйруқда ундан фойдаланиш учун бир ой ёки аниқ бир календарь даврини белгилаш мумкин. Агар таътилдан фойдаланишнинг келгуси даврини дарҳол белгилашнинг иложи бўлмаса, буйруқда таътилнинг фойдаланилмаган қисми жорий иш йилида ходимнинг талаби бўйича унинг аризаси асосида тақдим этилиши кўрсатиб ўтилади.
Агар томонлар таътилнинг бир қисмини кейинги иш йилига кўчиришга келишиб олган бўлса, ушбу шартни буйруқда кўрсатиши лозим.
Таътиллар жадвалига қуйидаги маълумотлар киритилади: ходим таътилдан чақириб олинганлигини кўрсатиб, чақириб олиш санаси, чақириб олиш ҳақидаги буйруқнинг реквизитлари ва таътилнинг қолган қисмидан фойдаланишнинг бошланиш вақти кўрсатилади.
Шунингдек, ходимнинг розилиги билан уни таътилга чиққан куннинг эртасига чақириб олишингиз мумкин. Қонунчиликда ходимни чақириб олишга йўл қўйилмайдиган таътилда бўлишнинг энг кам муддати белгиланмаган.
Наргиза Нурназарова,
Самарқанд шаҳар юридик хизмат кўрсатиш
маркази бош юрисконсульти.