Хўжалик жамиятлари ўзини молиялаштириши мумкин
Амалдаги қонунчиликка кўра, тадбиркорлик субъекти бўлган масъулияти чекланган жамиятларига ҳам ўзларини молиялаштириш учун корпоратив облигациялар чиқаришига рухсат берилди. Тижорат банклари кредитлари ҳақиқий муқобили бўлган корпоратив облигациялар чиқариш шартлари соддалаштирилган ҳолда хусусий корхоналарни молиялаштириш учун чиқарилади.
Бу фикрлар Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва унинг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан корпоратив облигацияларни чиқариш тартиби ва ҳужжатларни тайёрлашда ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ҳамда корпоратив облигацияларни чиқариш жараёнида яқиндан амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган семинарда билдирилди.
Акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган жамиятлари, капитал бозори соҳаси мутахассислари, тадбиркорлар иштирок этган семинарда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директорининг ўринбосари Д.Муҳамедов корпоратив облигациялар чиқариш хўжалик жамиятларининг айланма маблағларини кўпайтириш ҳамда уларнинг фойдасини ошириши учун хизмат қилишини билдирди. Шунингдек, инвесторлар томонидан даромадли қимматли қоғозларга инвестициялар киритишининг аҳамияти ҳақида тушунча берилди.
- Масъулияти чекланган жамиятлар ҳам капитал бозоридаги қулайликлардан фойдаланиб, малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда корпоратив облигациялар чиқаришни йўлга қўйиши мумкин, - дейди Д.Муҳамедов. – Яъни, айланма маблағига эҳтиёж қолдирмайдиган ҳақиқий муқобили, инвесторлардан бевосита шартномалар орқали облигацияларни чиқариб бериш эвазига маблағ қабул қилиш ва облигацияда белгиланган муддат ва фоизларда даромадлар тўлаш каби ҳаракатлар жамиятни молиялаштириш учун хизмат қилади. Бундан кўринадики, эмиссияда белгиланган муддатдан сўнг корпоратив облигациялар сўндирилади ва ушбу муддатда молиялаштирилган маблағлар ҳисобига жамият ишлаб чиқариши бардавом ўсади, молиявий барқарорлиги таъминланади. Шунингдек, фойдаси ошиб бориши эвазига кенг аҳолининг даромади ошишига ўз ҳиссасини қўшади.
Семинарда хўжалик жамиятларининг облигацияларини чиқариш, капитал бозоридаги бошқа ўзгаришлар бўйича хўжалик жамиятлари иштирокчиларига кенг тушунчалар берилди.
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси ахборот хизмати.