Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Эрдўғон Украинадаги ҳарбий можарони ҳал қилиш режасини тақдим этмоқчи
🔹 Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳукумат тузилмаларидаги оммавий ишдан бўшатишни тизимли ислоҳотларга тайёргарлик кўриш зарурати билан изоҳлади. У бир қатор юқори мартабали амалдорлардан ўз лавозимларини тарк этишни сўраган ва келажакдаги ўзгартириш учун янгиланиш муҳимлигини таъкидлаган. Бироқ, бу баёнот мамлакат ичида ҳам, ташқарисида ҳам танқидларга сабаб бўлди.
🔹 Шимолий Корея Украинадаги урушда қатнашиш учун 100 мингтагача аскар юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда. Манбаларга кўра, бундай ҳаракат босқичма-босқич жойлаштириш учун мўлжалланган бўлиб, қўшинлар бир вақтнинг ўзида эмас, балки айланма партияларда юборилади.
🔹 Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Украинадаги ҳарбий можарони ҳал қилиш режасини ишлаб чиқди ва уни 19-20 ноябрь кунлари Бразилияда бўлиб ўтадиган G20 етакчиларининг йиғилишида тақдим қилмоқчи. Эрдўғон Донбасснинг шарқий қисмида ҳарбий амалиётларни “музлатиб қўйиш” ва қуролсизлантирилган ҳудуд яратиш, у ерга “қўшимча кафолат сифатида” халқаро қўшинларни жойлаштириш зарур деб ҳисоблайди.
🔹 Доҳа Ғазодаги вазият бўйича музокараларда воситачилик ролини тўхтатганини эълон қилганидан сўнг, ўтган ҳафта ҲАМАСнинг юқори мартабали аъзолари Қатардан Туркияга кетди.
🔹 Фақатгина АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Украина можаросини музокаралар столида ҳал қилишга эриша олади. Бу ҳақда якшанба куни Трампнинг ўтиш гуруҳининг алоқалар бўйича директори Стивен Чун Америка оммавий ахборот воситаларида АҚШ етакчиси Жо Байден тактик баллистик ракеталари билан Россия ҳудудига чуқур зарба беришга рухсат бергани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганидан кейин маълум қилди.
🔹 Байденнинг узоқ масофали қуролларига Россия ҳудудига зарба беришга рухсат бериши ортидан Франция ва Буюк Британия ҳам узоқ масофали қуроллар билан Россия ҳудудига чуқур зарба беришга рухсат берди. Бу ҳақда Le Figaro газетаси маълум қилди. Бу воқеа ортидан молия бозорида Россия акциялари кескин тушиб кетди.
🔹 Трамп жамоаси америкалик қўшинларнинг Афғонистондан олиб чиқилишида иштирок этганлар рўйхатини тайёрламоқда ва бу одамларни жавобгарликка тортмоқчи.
🔹 Эронлик журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Кианоуш Санжари Оятуллоҳларнинг бошқарувига норозилик билдириб, ўз жонига қасд қилди. Санжари ҳукуматни танқид қилгани учун бир неча бор ҳибсга олинган, кейин мамлакатдан қочиб кетган ва “Америка Овози”да ишлаган, 2016 йилда ватанига қайтиб, ота-онаси билан яшаган.