Олий таълимда Италия-Ўзбекистон ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Самарқанд давлат чет тиллар институти 1999 йилдан буён Ўзбекистонда итальян тили ва маданиятини ўқитиш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Ўша вақтда Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Массимо Тоскани ва Гиованна Пиера Виале Самарқандда илк таълим курсларини бошлаган эди. Бу пайтда итальян тили фақат иккинчи тил сифатида ўргатилган, аммо бу катта лойиҳанинг бошланиши, яъни Марказий Осиёда итальян тили ва маданиятига бўлган талабни қондиришга қўйилган илк қадам эди.
25 йиллик фаолиятимизни биргина мақола билан сарҳисоб қилиш қийин, албатта. Лекин бизнинг фаолиятимизда 2005 ва 2016 йиллар муҳим йиллар сифатида қаралади. Масалан, 2005 йилда кафедрамизда итальян тили биринчи тил сифатида ўқитила бошлади ва Sils имтиҳонлари ўтказиш учун таянч муассаса сифатида тан олинди. 2016 йилда институтда магистратура йўналиши очилди.
Бугунги кунда кафедрамизда 11 нафар маҳаллий ўқитувчи (5 нафар докторант ва 4 нафар мустақил тадқиқотчи) ва икки нафар итальян ўқитувчиси фаолият олиб бормоқда. Шу билан бирга, филология ва тилларни ўқитиш йўналишида 200 дан ортиқ талаба, иккинчи чет тили ва кечки йўналишларда эса 300 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Ўқитувчи ва талабаларимиз ҳар йили Италья вазирлиги (MAESI) ва Италия олий таълим муассасалари томонидан тақдим этилаётган танловларга қатнашиб келади. Танловда ғолиб бўлган ўқитувчиларимиз хорижда бир ойлик малака оширса, тил имтиҳонидан ўтган талабаларимиз уч ойлик стажировкага юборилади.
Шунингдек, кафедрамиз ўқитувчилари дарсдан ташқари тадбирларда ҳам иштирок этиб келмоқда. Масалан, камина ва Андреа Галло тарихий музейдаги ноёб экспонатлар ҳақида тайёрланган видеони итальян тилига таржима қилиб, музей илмий фондини яна бир тилга бойитдик. Шунингдек, италиялик сайёҳлар билан учрашувлар, кинотеатрда итальян тилида кино намойишлари, дунё бўйлаб итальян тили ҳафталиги каби тадбирларда ҳам фаол қатнашамиз.
2024 йилнинг январида институт нашриёти томонидан роман-герман тиллари факультети, испан ва итальян филологияси кафедраси ўқитувчилари муаллифлигида итальян тили морфологияси бўйича ўзбек тилида илк дарслик чоп этилди. Дарслик нафақат талабалар, балки мустақил равишда итальян тилини ўрганувчилар учун ҳам қўлланма ҳисобланади.
Талабаларимиз ҳам итальян тилини яхши ўзлаштириб, турли танловларда ютуқларни қўлга киритмоқда. Масалан, жорий йилнинг август ойида Италияда 3-курс талабаси Абдулла Лутфуллаев итальян тилида шеър ёзиш бўйича танловда қатнашиб, 1-ўринни эгаллади. Яқинда 2-курс талабаси Шуҳрат Каримов олий таълим муассасалари талабалари ўртасида бўлиб ўтган республика фан олимпиадасида 2-ўринни олди.
Баҳора Содиқова,
СамДЧТИ испан ва итальян филологияси
кафедраси катта ўқитувчиси.