“Жадидлар изидан” республика танлови ғолиблари Германияга саёҳат қилади

Жорий йилнинг октябрь-декабрь ойларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан илк марта “Жадидлар изидан” республика танлови ўтказилмоқда.

Ўқувчиларнинг мустақил фикрлаш кўникмаларини янада ривожлантириш, аждодларимизнинг бой маънавий меросини кенг тарғиб қилиш орқали уларни китобхонликка жалб этиш мақсадида ташкил этилган танловнинг вилоят босқичи Самарқанд шаҳридаги Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейида бошланди.

Дастлаб иштирокчилар жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий бюсти пойига гуллар қўйди. Шундан сўнг танловнинг очилишига бағишланган тадбир ташкил этилди. Унда сўз олганлар танловнинг аҳамияти ҳақида гапирди.

- Танловни ўтказишдан асосий мақсад - жадид боболаримиз ғояларини мактабларда тарғиб қилиш, ўқувчилар онгига уларнинг қарашларини сингдириш ҳамда боболаримиз ишларини давом эттириш, - дейди ёзувчи, ҳакамлар ҳайъати раиси Жавлон Жовлиев. - Илк бор ўтказилаётган мазкур танловда республика бўйича 320 мингдан зиёд ўқувчи рўйхатдан ўтди. Иштирокчилар “Бошқотирма”, “Савол-жавоб” ҳамда “Асарлар таҳлили” шартлари бўйича жадид намояндаларининг ҳаёти ва ижоди ҳақида билимларини синовдан ўтказади. Танловнинг республика босқичига вилоятлардан икки нафардан ўқувчи сараланади ва республикада ҳам ғолиб бўлган иштирокчилар Германияга икки ҳафталик саёҳат қилади. 

Танловнинг туман (шаҳар) босқичида тест ва савол-жавоб шартларидан биринчиликни қўлга киритган 32 нафар 6-8 ва 9-10-синф ўқувчилари республика йўлланмаси учун билимини синовдан ўтказмоқда.

Иштирокчиларнинг билимини ҳакамлар ҳайъати баҳолаб бормоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотига кўра, танловни самарали ташкил этиш ҳамда ўқувчилар онгида миллий ғурурни шакллантириш мақсадида 10 минг 118 та умумтаълим мактабида “Жадидлар изидан” клубларини ташкил этиш режалаштирилган. Айни вақтда тажриба-синов тариқасида дастлаб 208 та туман (шаҳарда) биттадан ушбу клублар ташкил этилган.