Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Хитой – Россия чегарасида улкан тирбандлик. Арманистон Озарбайжонга тўлиқ келишилган тинчлик битими лойиҳасини топширди
🔹 АҚШ вице-президенти, Демократик партиядан ҳукуматнинг олий лавозимига номзод Камала Харрис рақиби республикачи Доналд Трамп билан теледебатларга тайёрлигини маълум қилди. Президентликка номзодлар ўртасидаги дебат 10 сентябрь куни ўтказилади. Айни пайтда Доналд Трамп ва демократ Камала Харриснинг рейтинглари деярли тенг.
🔹 Россия Туркияда қураётган Аккую атом электр станциясининг биринчи энергия блокини ишга туширишга тайёрланмоқда.
🔹 Жазоирнинг амалдаги раҳбари Абделмаджид Теббун президент этиб қайта сайланди.
🔹 Нигерия марказидаги Нигер штатида ёнилғи ташувчи танкернинг гавжум шосседа портлаши оқибатида камида 48 киши ҳалок бўлган.
🔹 Ҳиндистон Олий суди Калкутта шаҳрида адолат талаб қилган норозилик намойишчилари –шифокорларга 10 сентябрга қадар ишга қайтишга қарор чиқарди. Қарор тиббий ёрдам кўрсатилмагани сабабли 23 кишининг ўлими ҳақидаги хабарлардан сўнг қабул қилинди. Намойишлар 31 ёшли ходим аёлнинг жасади Калкуттадаги тиббиёт мажмуасининг семинар хонасида топилганидан кейин бошланган. Ҳиндистоннинг турли штатларида норозилик намойишлари давом этмоқда.
🔹 Россияга эски нархларда автомобиллар ва махсус техникалар оммавий равишда олиб кирилиши сабабли Хитой билан чегарада кўп километрлик тирбандликлар юзага келди.
🔹 Португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду 48 хил терма жамоага гол уриб, янги рекорд ўрнатди.
🔹 Россия КВНи асосчиси ва телебошловчиси Александр Масляков 8 сентябрь куни 82 ёшида вафот этди. Унинг мулки рафиқаси, ўғли ва набирасига мерос бўлиб ўтади. 2013 йилда унга тегишли компаниянинг даромади йилига камида 3,5 миллион долларни ташкил этган.
🔹 Швециянинг Стокгольм яқинидаги энг йирик Арланда аэропортида 9 сентябрга ўтар кечаси дронлар туфайли парвозлар тўхтатилди. Аэропорт узра тўртта дрон учган.
🔹 Арманистон Озарбайжонга тўлиқ келишилган тинчлик битими лойиҳасини топширди, Ереван Бокунинг жавобини кутмоқда — Арманистон ТИВ.
🔹 Европа Иттифоқи Словакияни демократик меъёрларни бузгани учун молиялаштиришдан маҳрум қилиши мумкин. Бунга Словакия бош вазири Роберт Фицонинг Европа Иттифоқи маблағлари билан боғлиқ коррупция ишларига масъул махсус прокуратурани тугатиш ҳақидаги қарори сабаб бўлган.