Хорижга ишга бориш учун биринчи талаб – чет тилини билиш
Шу йил 17 октябрда давлатимиз раҳбари томонидан “Миграция жараёнларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ҳамда “Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатлар асосида хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнлари самарадорлигини ошириш, соҳада ягона вертикал бошқарув тизимини жорий этиш ҳамда масъул давлат органларининг аниқ вазифалари ва жавобгарлиги белгиланди. Шунингдек, чет мамлакатларда ташкиллаштирилган ҳолда меҳнат қилишнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш, хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагидаги юртдошларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулайлик яратиш бўйича аниқ вазифалар қайд этилди.
– Президентимиз фармони билан камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти тугатилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миграция агентлиги ташкил этилди, – дейди миграция агентлиги Самарқанд филиали раҳбари Лазиз Ибрагимов. – Ҳукумат раҳбари бошчилигидаги миграция бўйича республика комиссияси таркиби тасдиқланди. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси агентлик миграция жамғармаси ташкил этилди. 2024–2026 йилларда ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тасдиқланди.
Бу ўзгариш ва янгиликлар фуқароларга қандай енгиллик, имконият бериши кўпчиликни қизиқтиради. Бу ҳақда шуни айтишим мумкинки, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб хорижий иш берувчилар томонидан таклиф қилинаётган иш ўринлари ҳақидаги барча маълумотлар миграция агентлигининг электрон платформаси, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда очиқ эълон қилиб борилади.
Агентликнинг электрон платформасида фуқароларга ўзининг резюмесини шакллантириш ва жойлаштириш ҳамда эълон қилинган иш ўринлари бўйича танловларда эркин иштирок этиш имконияти яратилади.
Вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда ривожланган мамлакатларга чиқиб кетаётган фуқароларга тижорат банклари томонидан миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан 10 миллион сўмгача миқдорда Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга юқори ставкада икки йил муддатга микрокредитлар ажратилади.
Агентликнинг ҳудудий филиаллари томонидан фуқароларнинг хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ, шу жумладан, “ишчи виза”га оид ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича бепул консалтинг хизматларини кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади.
Касбга ўқитиш муассасалари агентлигимиз тасарруфига ўтказилган ҳолда улар негизида фуқароларни (ёшларни) чет тилларига ўқитиш ва хорижий давлатларда ишлашга мақсадли тайёрлаш марказининг филиаллари ташкил қилинади.
Жумладан, вилоятимиздаги қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш марказига шундай мақом берилмоқда. Самарқанд Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми эса хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни ўқитиш учун агентликка бириктирилди.
Ушбу муассасаларда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб халқаро таълим дастурлари асосидаги ўқув курслари ташкил этилади ҳамда уларнинг битирувчиларига хорижий иш берувчилар томонидан тан олинадиган малака сертификатлари берилади.
Халқаро сертификатлаш тизимлари талабларига жавоб берадиган малакани баҳолаш марказлари ташкил этилади.
Вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган фуқароларнинг шахсий масъулиятини ошириш мақсадида 2025 йил 1 январдан бошлаб уларнинг хориждаги қонуний меҳнат фаолияти давлат томонидан рағбатлантирилади. Юртимизга қайтиб келганида уларга ўз бизнесини бошлаши учун ер участкалари ва давлат мулки объектлари ижарага берилади, кредитлар ажратилади, уй-жой ипотекаси тақдим этилади ва уларнинг бандлиги таъминланади.
Филиал раҳбарининг таъкидлашича, жорий йилда хорижий давлатларнинг 67 та иш берувчи ва рекрутинг ташкилотлари томонидан 171 маротаба танловлар ўтказилган. Уларда самарқандлик 4238 нафар фуқаро қатнашиб, 2150 нафари ишга танлаб олинган.
– Йил бошидан буён вилоятимиз бўйича 15 минг 331 нафар фуқаро хорижда ишга жойлашди, – дейди Л.Ибрагимов. – Жумладан, уларнинг 1609 нафари филиал томонидан ташкиллаштирилган тартибда, 191 нафари хусусий бандлик агентликлари томонидан, 13 минг 331 нафари “online mahalla” электрон платформасида ҳоким ёрдамчилари томонидан мустақил равишда хорижда ишга жойлашди. Шу пайтгача юртдошларимиз асосан МДҲ давлатларига ишга борган бўлса, эндиликда миграция географияси Буюк Британия, Германия, Япония, Корея, Туркия, Болгария, Латвия, Литва, Словакия, Словения, Руминия сингари Европа ва араб мамлакатлари ҳисобига кенгайиб бормоқда. Барча хорижий давлатларга ишга бориш учун асосий талаб – ўша мамлакат тилини билиш, анъана ва қадриятлари, қонунларидан хабардор бўлиш. Сўнгра, қўлида маълум бир касб-ҳунари бўлиши талаб этилади. Ҳатто, шундай иш берувчилар борки, талабгор қўлида маълум бир касб бўйича сертификати бўлмаса-да, белгиланган тил билиш даражасига эга бўлганларни ҳам ишга қабул қилиб, касб-ҳунарга ўргатишга тайёр. Шунинг учун хорижда вақтинча ишлаш истаги билан келаётган юртдошларимизни, аввало, тил ўргатиш марказларига йўналтирамиз. Ўзимизнинг касб-ҳунарга ўқитиш марказларимизда ҳам бир нечта чет тили ўргатилмоқда. Бу машғулотларни маҳаллий мутахассислар билан бирга хорижлик ҳамкорларимиз онлайн платформалар орқали олиб бормоқда. Масалан, Кореянинг Қирол Сежонг корейс тили маркази (КСИФ) ушбу давлатга вақтинча ишга бормоқчи бўлганларга корейс тилини ўргатмоқда. Астойдил ҳаракат қилган, интилган киши 6 ойда хорижий тилни ўрганиши, мулоқот қила олиши мумкин. Тил билган киши учун эса хорижга ишга бориш учун асосий эшик очилади.
Ҳозир бизга энг кўп вакансия таклиф этаётган давлат Германия. Бу мамлакатда хизмат кўрсатиш, тиббиёт, қурилиш соҳаларида ишчи-хизматчиларга эҳтиёж катта. Бажариладиган иш, касб-машғулотга қараб немис тилини билишнинг В-1, В-2 даражаси талаб қилинади. Яқинда белгиланган танловлардан муваффақиятли ўтган 23 нафар юртдошимиз тиббиёт йўналишида ишлаш учун ушбу давлатга юборилди. Яна талабгорлар бўлса, юборишимиз мумкин.
Йил бошидан Россия, Корея, Япония, Туркиядаги 19 та йирик иш берувчилар ва рекрутинг агентликлари билан музокаралар олиб борилиб, ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида агентликка таклифлар киритилганди. Шу пайтгача уларнинг 4 таси билан шартнома тузилди. Араб давлатлари билан ҳам бугун миграция бўйича музокаралар олиб борилиб, келишувларга эришганмиз.
Филиал томонидан хорижга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1438 нафар фуқаро ҳаёти ва соғлиғи субсидия ҳисобидан суғурта қилинди. 236 нафар фуқарога келгусида иш ҳақидан ушлаб қолиш шарти билан иш берувчи томонидан микроқарз берилди.
Бугунги кунда меҳнат миграцияси билан шуғулланадиган хусусий бандлик агентликлари ҳам кўпайиб бормоқда. Бу лицензия талаб қиладиган фаолият ҳисобланади, яъни маълум талаблар бор. Айни пайтда республикамиз бўйича 16 та, жумладан, Самарқандда 2 та шундай субъект фаолият олиб бормоқда. Келгусида агентлигимизнинг маълум бир йўналишлари уларга ўтказилади. Лекин лицензияси бўлмай туриб, фуқароларни хорижга ишга юбориш билан шуғулланаётган ёки одамларни алдаб, пул ундиришга ҳаракат қилаётган сохта фирмалар ҳам учраяптики, юртдошларимиз бундан огоҳ бўлишлари лозим. Уларнинг аксарияти ижтимоий тармоқларда хорижда жуда катта миқдорда маош тўланиши, тил билиш ёки касб-ҳунар бўйича ҳеч қандай талаб йўқлигини айтиб эълонлар бериши ортида кўплаб юртдошларимиз алданиб, чув тушиб қолмоқда. Фуқаролар бундай фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслиги учун хорижга фақат қонуний йўл билан боришга ҳаракат қилишларини сўраймиз.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (сурат).