Хосият Бобомуродова: “Нега келинчак бўлган қизимизни маст-аласт даврада кўз-кўзлаймиз?”
"Тўйга атаб қайнотам пишакваччадай эчки юборган экан, уни сўйиб, ярмини ўзларига бердик, ярмини пиширдик. Бир пайт куёвлар келяпти, деб қолишди. Бир тўда болалар ва қизлар югуриб томга чиқишди. Қўшилиб мен ҳам чиқдим. Ҳамма куёвнинг қайсилигини сўрай бошлади. Ўшанда кўриб олдим, узун бўйли, ориқроқ йигит экан. Томоша қилиб турган эдик, аёллар ва янгалар келинни излаб қолишди. "Ёр-ёр"ни эшитиб турган эдик, қизлардан бири мени қаердалигимни айтиб қўйди. Янгаларим биқинимдан чимчиб, мени олдига солиб тушдилар. Менга махси-калиш, чит куйлак кийдириб, паранжи ёпинтиришди.
Паранжи момолардан қолган эди, махсини ҳам икки кундан кейин эгаси келиб, олиб кетди. Уйимизда битта бўйра, иккита кўрпача, иккита ёстиқ, битта пўстак бор эди. Ҳа, айтганча, никоҳдан сўнг бир-биримизга тегишли бўлган мулк – акангиз ва мен эдик..."
Ойзода опа турмуш ўртоғи Усмон ака билан узоқ йиллар аҳил яшашди. Ўн фарзандни – уч ўғил ва етти қизни вояга етказишди. Болалари бировнинг ҳақига хиёнат қилмайдиган, меҳнаткаш, илмталаб инсонлар.
Ёшларга ортиқча ҳашаматларсиз ҳам бахтли бўлиш мумкин экан-ку, деб айтгим келади.
ЯНГИЧА ТЎЙЛАР ҚИЛАЙЛИК
Ақлли одамлар ўзимизда ҳам аллақачон фотиҳа тўйи, чарлар деган нарсаларни йўқ қилган. Туркияда никоҳ куни 30-40 чоғли меҳмонга ширинлик, қаҳва ёки чой беришаркан, холос. Хорижликлар ҳамиша бизнинг дабдабаларга ҳайрон қолишган.
Яна бир гап таклифномалар ҳақида. Қимматбаҳо конвертларга солинган қимматбаҳо таклифномалар. Унинг ўрнига дил изҳори битилган оддий таклифнома бўлгани яхши эмасми?
ЯШАСИН, КУЁВЛАР!
Икки йил аввал бир тўйни кўрдим, келинни саҳнага олиб чиқишмади. Аслида шундай бўлиб келган-ку, 50-60 йил аввал. Бировнинг ойдай қизини паранжига ўраб, олиб келишган ва қирқ кун чиллада сақлашган. Албатта, бу гапим ёшлар ва айрим одамларга ёқмайди. Майли, келинчак куёв билан масту ҳушёрлар ўтирган даврага чиқди ҳам дейлик. Умрида киймаган елкаси очиқ, хорижда тикилган, нархи икки миллион сўмгача бўлган келин либосини кийдирамиз. Пардозини айтмайсизми? Нега иболи, ҳаёли, кўзи очилмаган қизларимизни маст-аласт давраларда кўз-кўзлаймиз?
Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари битирувчи синфлар ва курсларда "Келинчаклар қандай кийиниши керак?" мавзуида тадбирлар ташкил қилишса ва уларга тажрибали кайвонилар, санъат ва ижод аҳлини таклиф қилишса, айни муддао бўларди.
Хайриятки, куёвлар қуюшқондан чиққан эмас. Ўша костюм-шим ва тўн, ҳамиша бирдек.
Улуғлар, катталар, келинглар, содда ва ихчам тўйларни биз бошлаб берайлик, халққа ибрат бўлайлик. Менинг уйланадиган уч набирам бор. Мен шундай тўй қилишга тайёрман!
Хосият БОБОМУРОДОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
"Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби.
Мақоланинг тўлиқ матнини “Зарафшон” газетасининг 45-сонида ўқинг!