Хотин-қизлар қўмитаси Санкт-Петербургда ишлаётган ўзбекистонлик аёлларнинг шароитини ўрганди
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бошчилигидаги делегация аъзолари Санкт-Петербург шаҳрида меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг яшаш ва иш шароитлари билан яқиндан танишдилар. Жумладан, Федерацияда энг йирик савдо ва бизнес марказларидан бирининг қурилишида иштирок этаётган 300 нафар ватандошимиз билан самимий мулоқот қилдилар.
Уларнинг кундалик ҳаётларида учраётган катта-кичик муаммолар ўрганилиб, ечимини кутаётган масалаларга соҳа мутахассислари иштирокида атрофлича жавоб қайтарилди. Шунингдек, йиғилганларга бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кўламли ўзгаришлар, мазкур жараёнда ёшларимиз учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари икки ярим минг нафардан зиёд ишчилар меҳнат қилаётган тармоқ тикувчилик корхонасида бир гуруҳ ўзбек аёллари билан учрашиб, дилдан суҳбатлашдилар.
Учрашувда фабрикада яратилган шароитлар, ижтимоий ҳимоя, ҳатто ишчиларнинг фарзандлари тарбияси билан боғлиқ жараёнлар ҳам эътибордан четда қолмади. Ўз ўрнида Санкт-Петербург администрациясининг миллатлараро муносабатлар ҳамда миграция сиёсатини юритиш қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда фуқароларимизга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди. Келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган мақсадли режаларнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.