Сенат томонидан “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди
Сенат томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни маъқулланди.
Қонун хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишни таъминлашни назарда тутади.
Қонунга кўра тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи таҳдид ҳақида тегишли органларга ёхуд судга мурожаат этиш, бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш каби ҳуқуқларга эга.
Бунда жабрланувчи етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Қонунда хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар кўрсатиб ўтилган.
Мазкур органлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини унга тушунарли тилда ҳимоя механизмлари, кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар турлари тўғрисидаги ахборот билан таништириши шарт.
Хусусан, ички ишлар органлари тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида оғзаки ёки ёзма хабар олганда бундай ҳаракатларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган якка тартибдаги чора-тадбирлар кўриши шарт.
Қонунда белгиланишича, тазйиқ ёки зўравонлик такроран содир этилишининг олдини олиш мақсадида шахснинг зўравонлик содир этган шахс хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтади.
Маъқулланган қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач, расмий кучга эга бўлади.