Якка тартибда таълим олаётган болаларнинг 105 нафарига дори-дармон, 87 нафарига реабилитация воситалари олиб берилди

Бош прокуратура ташаббуси билан ногиронлиги бўлган, уйда якка тартибда таълим олаётган кам таъминланган оилалар фарзандларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида болаларнинг соғлиғи, таълим олишлари ва улар тарбияланаётган оилаларнинг ижтимоий ҳолати икки босқичда ўрганилди.

Дастлаб вилоят халқ таълими, соғлиқни сақлаш ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларининг Қўшма қарори билан ишчи гуруҳлар таркиби, уларнинг вазифалари белгилаб олинди.

Тадбирнинг биринчи босқичида вилоятдаги 1 668 нафар уйда якка тартибда таълим олаётган болалар яшаётган хонадонларга ишчи гуруҳлар томонидан бирма-бир кирилиб, уларнинг таълим олишлари, яшаш шароитлари, мавжуд муаммолари ва эҳтиёжлари ўрганилди, барчаси тўлиқ бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилди. Ўрганиш натижалари бўйича 656 нафар болаларнинг соғлиғи, таълими ва бошқа ижтимоий масалалардаги турли муаммолари аниқланиб, бир қисми жойида ҳал этилди.

Иккинчи босқичда аниқланган муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Хусусан, ҳомийлик ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан болаларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш борасида 105 нафарига дори-дармон, 87 нафарига реабилитация воситалари (ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, қўлтиқ таёқ, ҳасса, ходунок ва ҳоказо), таълим сифатини ошириш мақсадида 111 нафарига бадиий адабиёт ва дарсликлар, 98 нафарига ўқув жиҳозлари олиб берилиб, компьютер сабоқлари олиш учун 23 дона ноутбук билан таъминланди.

Бундай оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 31 оилага нафақа тайинланиб тўланиши, 27 тасига моддий ёрдам кўрсатилиши, 12 нафар ота-онанинг ишга жойлаштирилиши таъминланиб, 2 нафар болага логопед-ўқитувчи бириктирилди.

Даволанишга муҳтож бўлган болаларнинг 121 нафари вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, “Bionur” хусусий клиникаси, вилоят реабилитация маркази ва туман тиббиёт бирлашмаларида бепул даволаниши, 17 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланди.

Шу билан бирга вилоят прокурорига бириктирилган Қўшработ, Иштихон ва Пайариқ туманларининг умумий ўрта таълим мактабларида масофавий таълим олаётган 300 нафар камбағал оила фарзандларига, хусусан, ногиронлиги бўлган 20 нафар уйда якка тартибда таълим олаётган ўқувчиларга жорий йилнинг май ойи давомида интернетдан бепул фойдаланиш имконияти яратилди.

Уйда якка тартибда таълим олаётган ўқувчиларга дарс машғулотлари ўтиш, дарсдан ташқари маънавий-маърифий ва коррекцион-ривожлантирувчи тадбирларни ташкил этиш, уларни ўқув жиҳозлари билан таъминлаш борасида аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этишга қаратилган 205 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 163 нафар масъул шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди ҳамда қонун бузилишларини ҳақиқатда бартараф этиш чоралари кўрилди.

Амалиётда мавжуд ҳамда ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги муаммолар юзасидан қонунчилик ва соҳа фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тайёрланди.

Фарҳод ЗУФАРОВ,

Самарқанд вилояти прокурори.