Янги баҳолаш тизимининг афзалликлари нимада?

Умумий ўрта таълим мактабларидаги ислоҳотлардан бири янги баҳолаш тизими бўлиб, унга айрим мактаблар ўтмоқда.

Янги баҳолаш тизими 2022-2023 ўқув йилида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига қарашли Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларда жорий этилган эди. 2023-2024 ўқув йилида эса ушбу мактаблардан ташқари республика бўйича 500 та, хусусан, Самарқанд вилоятида 68 та умумтаълим мактабида татбиқ этилди. 2024-2025 ўқув йилида вилоятдаги яна 50 та мактаб янги баҳолаш тизимига ўтиши режалаштирилган.

Дастлаб янги баҳолаш тизимига ўтаётган мактабларга ушбу тизим бўйича семенарлар ташкил этилади ва ихтисослашган мактабларнинг малакали ўқитувчиларидан иборат тренерлар бириктирилади. Масалан, 2023-2024-ўқув йилида янги баҳолаш тизимига ўтган мактабларга Ихтисослашган таълим муассасалар агентлиги тизимидаги мактабларга малакали тренерлар бириктирилди. Улар йил давомида ўзларига бириктирилган мактабларда семинарлар ташкил қилиб, методик ёрдам ва тавсиялар бериб боришди. Кейинги янги баҳолаш тизимига ўтадиган мактаблар ҳам худди шундай тартибда тайёрланади.

Янги баҳолаш тизимида ҳар бир дарс, ҳар бир топшириқ, ҳар бир назорат иши, ҳар бир имтиҳон ўзининг аниқ баҳолаш мезонига асосланганлиги билан анъанавий баҳолаш тизимидан кескин фарқ қилади. Энди ўқитувчининг роли асосан ўқувчига билим беришга қаратилиб, ўқувчининг билимини баҳолашига аралашмайди. Ўқувчининг билимини баҳолаш аниқ ишлаб чиқилган қоидалар асосида тўғридан-тўғри шаффоф тарзда баҳоланади. Шунингдек, ҳар бир назоратдан сўнг назорат ишлари таҳлил қилиниб, паст ўзлаштирган ўқувчининг бўшлиғини аниқлаш механизмлари ишлаб чиқилган.

Ўқувчи ҳар бир фандан 1 чорак давомида минимал 30 баллдан максимал 100 балл оралиғидаги баллни қўлга киритиши керак бўлади. Шундан 50 баллни фан юзасидан бирор боб ёки бўлим тугагандан сўнг битта ёки бир нечта БСБ (боб ёки бўлим бўйича сумматив баҳолаш) назоратида, 40 баллни чорак якунида битта ЧСБ (чораклик бўйича сумматив баҳолаш) назоратида, қолган 10 баллни эса ҳар кунлик ФБ (форматив баҳолаш)да қўлга киритиши лозим бўлади.

Мазкур баҳолашда амалий машғулот ва лойиҳа ишларини бажаришга, улар орқали асосий муаммони топиб, хулосалар чиқаришга катта эътибор қаратилган.

Бу баҳолаш тизими ўқитувчи учун ҳар бир ўқувчига замон талаби бўйича индивидуал ёндашиш, ўзлаштириши суст ўқувчиларнинг паст ўзлаштириш сабабларини кўра олиш, ўқувчининг ҳар бир ҳаракатига, интилишига, билимига ҳаққоний баҳо қўйиш имкониятларини беради. Шунингдек, янги баҳолаш тизими ўқитувчининг виждонан ишлашга чорлайди. Ҳар бир ўқувчининг ишини аниқ мезон асосида текшириш орқали уларга адолатли баҳо қўйишга мажбур қилади. Бу баҳолаш тизимида ўқувчининг тўғри бўлмаган фикрлари узил-кесил рад этилмасдан, балки ушбу нотўғри фикрлар инобатга олинади ва уларга ҳам муайян баллар бериладики, бу ўқувчининг дарсда имкон қадар фаол иштирок этишига, нотўғри жавоблар устида ишлашга ундайди.

Ўқувчига қўйиладиган баллар олган билими, амалиётда қўллаши ва мулоҳаза юрита олишига қараб тақсимланади. Шу сабабли янги баҳолаш тизими бўйича олинган ҳар бир назорат ўқувчини мустақил тарзда ўз устида ишлашга, олган билимларини амалиётда боғлашга, хулосалар чиқариб мулоҳаза юритишга, креатив фикрлашга ундайди.

Қаҳрамон МЕЛИҚУЛОВ,

вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бош методисти.