Янги дарсликлар ўқувчида мантиқий фикрлашни уйғотади

Бугун таълим соҳасига эътибор бериляпти, ўзгаришлар сезиларли даражада кўп. Шундай пайтда педагоглардан ҳам муносиб тарзда ўз устида самарали ишлаш талаб этилади.
Аввало, ўқувчиларга билим беришда уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, жаҳон таълим стандартларига жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлашни мақсад қилиш зарур.
Ҳозирда ўқитувчидан сўралаётган ягона талаб – таълим сифатини ошириш. У бор имкониятини ўқувчига билим ва тарбия беришга сарфлаши лозим. Шунинг учун ҳам ўқитувчига мажбурий меҳнат, турли йиғилишларга жалб этиш қатъиян тақиқланди. Педагоглар юритаётган ҳужжатлар сони ҳам учтадан биттага қисқартирилди, яъни фақат журнал юритиш қолди.
Таълим соҳасига кириб келаётган янгиликлар бир-бири билан узвий боғланган ҳолда, бири иккинчисини тўлдириб бормоқда. Биз дастлаб дарс ишланмаларини яратишда билим, кўникма, малака ҳақида гапирар эдик. Билим – ўрганган маълумотларни эслаб қолиш. Фан тили билан айтганда, берилган тилшуносликка оид қоидаларни ёд олиш. Масалан: от сўз туркуми нима? От ном билдирувчи сўз туркуми бўлиб, шахс, нарса, жой маъноларини англатади ва “ким?”, “нима?”, “ қаер?” сўроқларига жавоб бўлади.
Кўникма – ўрганган билимларни таниш вазиятларда қўллаш, яъни она тили китобларида машқларда берилган гаплар ичидан от сўз туркумини топиш ва аниқлаш. Масалан, “от сўз туркумига оид сўзларни аниқланг”, деган топшириқ берилган. “Ўлмаснинг онаси уйда ўтиради, дўппи тикади”. Бу гапда Ўлмас (ким?) шахс номини билдирган, онаси (ким?) шахс номини билдирган, дўппи (нима?) нарса номини билдирган сўзлар бўлиб, ушбу сўзлар от сўз туркумига оид. Демак, бу топшириқ орқали ўқувчида ўрганган билимларини таниш вазиятда қўллаш кўникмаси шакллантирилади. Малака - ўрганган билимларни нотаниш вазиятда қўллаш. Масалан, дарсликда “Шахс, нарса, жой номларини қатнаштириб матн тузинг”, “Атоқли отлардан фойдаланиб, “Ватан” мавзусида матн тузинг” каби топшириқлар берилган. Бундай топшириқларда ўқувчи ўрганган билимларини амалда синаб кўриш орқали ўз малакасини оширади.
XXI асрнинг дастлабки йилларида асосан, ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакасини шакллантиришга эътибор берилди. Сўнгги 5 йилликда эса таълим соҳасига “компетенция” тушунчаси кириб келди. Компетенция - (лотинча; сомпетенс – “лаёқатли, қобилияти бор” маъноларини англатади) фан бўйича эгалланган назарий билим, кўникма ва малакаларни кундалик ҳаётда дуч келадиган амалий ва назарий масалаларни ечишда фойдаланиб, амалиётда қўллай олишдир. Масалан, ўқувчининг она тили фанидан олган билимлари ҳаётда турли вазиятларда - бирор жойга ишга киришда, ариза, тавсифнома, маълумотнома, ишончнома, таржимаи ҳол каби ҳужжатлар билан ишлашда, яқинларига мактуб ёзишда жуда асқотади. Бу ўқувчида компетенциянинг яхши шаклланганидан далолат беради.
Жамият тараққий этгани сари рўй бераётган ўзгаришлар дарсликларида ҳам ўз аксини топди. Эски дарсликларда ўқувчининг билим, кўникмасини шакллантирувчи ёки хотирасини синовчи топшириқлар берилган бўлса, янги дарсликларда, берилган топшириқлар ўқувчининг онги, ўқиш саводхонлигини ошириш, мантиқий ва танқидий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, боланинг тафаккурини уйғотадиган, дунёқарашини кенгайтирадиган топшириқлар билан бойитилган. Ўқувчилар ушбу топшириқларни нафақат билимини бойитиш мақсадида, балки катта қизиқиш билан бажарадилар.
Азиза Сайдуллаева,
она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.