Янги китоб: “Газетада акс этган тарих”

Газета – тарих ва жамият кўзгуси. Шу билан бирга воқеликни аниқ далиллар асосида, таҳлилий ёндашувлар билан ёрқин бўёқларда акс эттирадиган ишончли манба.

Шу боис инсонлар дунёни газеталар орқали англашга интилиб келган. Бугун ҳам кишилар ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва ташаббусларини, жаҳонга, давлат ҳокимиятига, жамиятга айтар сўзини ана шу восита орқали билдиришга ҳаракат қиляпти.

Шу жиҳатдан “Газетада акс этган тарих” китоби (Тошкент шаҳридаги “SAHHOF” нашриётида чоп этилган) ўқувчининг яқин тарихни бугун билан солиштиришга, ўз даврида янгилик бўлган воқеа-ҳодисалар билан танишишга чақиради. Унда Самарқанд вилоятининг бош нашри - “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасининг 1949 йилдан 1991 йилгача чоп этилган сонларида вилоят ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий ва илмий ҳаётида содир бўлган воқеа-ҳодиса, ўзгариш ва янгиликларнинг қисқача маълумоти берилган.

Умуман олганда, мазкур рисола Самарқанд вилоятининг Иккинчи жаҳон уруши йилларидан мустақиллик йилларигача бўлган 40 йилдан зиёд тарихига қизиқувчиларга манба бўлиб хизмат қилади.