Янги Конституция фаровон ҳаёт учун ҳуқуқий асос

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан тантанали маросим ўтказилди.

Вилоят фаоллари, ҳокимлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, ҳарбийлар, нуронийлар ва ёшлар вакиллари иштирок этган тадбирни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев очиб берди.

Вилоят раҳбари тадбир қатнашчилари ва улар тимсолида барча самарқандликларни улуғ сана билан табриклаб, вилоятимизнинг иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичлари ва келгуси режалар ҳақида тўхталди.

— Биз 2025 йил учун ҳам олдимизга жуда катта марраларни қўйганмиз, - деди Адиз Бобоев. - Жумладан, аҳоли ва тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувлардан келиб чиқиб, 4,1 миллиард долларлик 120 та лойиҳани амалга ошириш имконияти аниқланган. 2025 йилда ҳудудий дастурлар доирасида қарийб 2 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияни ўзлаштириш ҳисобига қўшимча 1,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисоб-китоб қилинган. Асосийси, бу лойиҳалар вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларини қамраб олиб, қўшимча 20 минг иш ўрни яратилишига хизмат қилади.

Янги Конституциямизнинг 47-моддасида ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. Вилоят раҳбари таъкидлаганидек, жорий йил ҳудудда бу йўналишда ҳам катта ютуқларга эришилди. Жумладан, 1991 йилдан 2017 йилгача вилоятимизда 4878 хонадонли 136 та кўп қаватли уй қурилган бўлса, 2017 йилдан буён 45 минг 267 хонадонли 1000 та кўп қаватли уй бунёд этилди. Биргина жорий йилда 11300 хонадонли 182 та уй қурилмоқда. Бу уйларнинг 77 таси Янги Ўзбекистон массивларида бунёд этиляпти. Аҳамиятлиси, бу ҳудудларда шунга мос инфратузилма, хусусан, янги мактаб ва боғчалар, тиббиёт муассасалари, болалар майдончалари ва спорт иншоотлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этилмоқда. Айни саъй-ҳаракатлар натижасида аҳолининг урбанизация даражаси йил сайин ошмоқда.

— Янги Конституция тиббиёт соҳасида ҳам бир қатор янги имкониятларни рўёбга чиқарди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Жиянов. – Хусусан, жорий йилнинг ўтган вақтида қарийб мингта бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш муассасасининг моддий-техник базасини яхшилаш учун 20 миллиард сўм маблағ ажратилди. Тўртта туманлараро перинатал марказ ташкил этилди. 1 миллион нафардан ортиқ самарқандликлар скрининг тадбирларига жалб қилинди. Соҳага қаратилган бундай эътибор самараси ўлароқ, вилоят даражасида трансплантация ва бошқа мураккаб жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш имконияти яратилди. Ўтган вақтда 25 та буйрак, 3 та суяк кўмиги ҳужайраларининг трансплантацияси мувоффаққиятли амалга оширилди.

Тадбир самарқандлик таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокида концерт дастури билан давом этди.

Улуғ сана муносабати билан вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида байрам тадбирлари давом этмоқда. Бу йилги тадбирлар доирасида жойларда “Конституция кўчаси” ташкил этилиб, уларда Бош қомусимизга оид кўргазмали воситалар жойлаштирилди.

Фуқаролар ўртасида "Конституция билимдони" кўрик-танлови, турли мусобақа ва беллашувлар ташкил этилмоқда.

Асқар Баротов,

Бахтиёр Мустанов (фото).