Янги Солиқ кодекси имкониятлари Давлат солиқ қўмитаси раиси Бекзод Мусаев иштирокида ўрганилди

Кеча хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Бекзод Мусаев иштирокида семинар ўтказилди.
Кўргазмали тарзда ташкил этилган семинарда давлат солиқ идоралари масъул ходимлари, вилоятда фаолият юритаётган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари раҳбарлари, тадбиркорлар, ҳисобчилар иштирок этди.
Дастлаб Б.Мусаев янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун-моҳияти, солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар ҳақида сўз юритди. Сўнгра соҳа мутахассислари махсус кўргазмали воситалар, видеороликлар орқали ўзгаришларни таҳлил қилди.
- Бугунги семинардан фаолиятим учун кўп нарса олдим, тадбир биз учун жуда фойдали бўлди, – дейди тадбиркор Мурод Хушвақтов. Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан айланмадан солиқ тўлаш тартибидаги ўзимни қизиқтирган саволларга жавоб олдим.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Мусаев Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган “Samarkand Euro Asia textle” масъулияти чекланган жамияти ва «Tuft and grass» қўшма корхоналарида ҳам бўлди ва бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Тадбиркорларга солиқ имтиёзлари бўйича тушунчалар берди, уларнинг таклифларини тинглади.
- 2020 йилдан электрон ҳисобварақ-фактурадан фойдаланиш жорий этилиши ортиқча қоғозбозликларни камайтиради, - дейди «Tuft and grass» қўшма корхонаси бош ҳисобчиси Умид Солиев. - Шунингдек, электрон ҳисобварақ-фактуралар маҳсулотларимиз қаерда яхши сотилаётганлигини, қайси маҳсулотга талаб юқорилигини мониторинг қилиш имконини ҳам беради.
Даврон РАВШАНОВ,
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.