Янги тажриба: солиқ маҳалланинг ўзида қолади
2022 йил 26 декабрда Президентимизнинг «Маҳалла бюджети» тизимини жорий этиш орқали маҳаллаларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.
Унга асосан республикамиздаги 14 ҳудуддан биттада туманда тажриба тариқасида маҳалла бюджет тизими жорий этилди. Яъни, солиқларни ундириш бўйича иш олиб бориладиган туманлар рўйхати шакллантирилди. Оддий қилиб айтганда, маълум турдаги солиқлар ҳудуднинг ўзида қолдирилади ва аҳолининг эҳтиёжини қондиришга йўналтирилади. Тажриба тариқасида ўтказилаётган лойиҳада вилоятимиздан Ургут тумани танланган.
Аслида бу тажриба дунё давлатлари амалиётида қўлланилади. Мисол учун, Германияда айнан шундай тизим яратилган. Уларда 14 мингдан ортиқ коммуна, яъни бизнинг маҳаллаларимиз шаклидаги ўзини ўзи бошқариш идоралари ташкил этилган ва ҳар бир коммуна икки хил солиқни ўзида олиб қолади ва шу ҳудуднинг ривожи, аҳоли эҳтиёжи учун сарфлайди.
- Бизда ҳам маҳалла бюджети тизимини жорий этиш орқали маҳалланинг молиявий имкониятларини янада кенгайтириш режалаштирилган, - дейди Ургут тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи Обид Сувонов. – Бу орқали маҳаллабай ишлашни ривожлантириш, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқларини йиғиш кўрсаткичларини ошириш ва янги ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда қўшимча маблағ жалб қилишга эътибор қаратилган. Маҳаллалар томонидан жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари аҳолининг тўлаш саводхонлигини ошириш орқали ундиришга кўмаклашиш ва ҳар бир маҳаллада ўз муаммосини ҳал этиш учун 2023 йил 1 январдан ушбу қарор доирасида маҳалла бюджет тизими тажриба тариқасида туманимизда ўтказилмоқда.
Қарорда Давлат солиқ қўмитасига мол-мулк ва ер солиқлари тўғрисидаги маълумотларни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига реал вақт режимида узатадиган мобил илова яратиш юклатилганди. Қўмита томонидан топшириқ асосида «Менинг маҳаллам» мобил иловаси яратилди ва туманимиздаги 120 та маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг мобил телефон ва планшет қурилмалари «soliq.uz» иловасидаги «Менинг маҳаллам» иловасига уланди. Эндиликда маҳалла раислари ўз ҳудудидаги фуқаронинг мол-мулк ва ер солиғидан қанча қарздорлиги борлиги, ҳисобланган солиқлар ва тўланган сумма тўғрисида онлайн маълумот олиши мумкин.
Бу тажрибада фақат жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари назарда тутилган. Нотураржойлар бўйича ундирилган мол-мулк ва ер солиғидан тушган маблағлар маҳаллаларга қайтарилмайди. Яъни, жисмоний шахсларнинг фақат мол-мулк ва ер солиғи бўйича тушган тушумларнинг 10 фоизи ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10 санасидан бошлаб туман бюджети орқали тегишли жамғармаларга йўналтирилади.
Маълумотларга кўра, ўтган йили мол-мулк ва ер солиғидан тушган маблағлар туман бюджетининг ўзида қолдирилган. Янги тизим тарғиботи ва самарасида кўрсаткичлар ўтган йил билан солиштирилганда 314 фоизга ошган. Шундай бўлса-да, ҳозир кўпчиликни солиқлар туманнинг ихтиёрида қолса, фуқароларни қийнаётган масалалар бўйича ташаббусли бюджет (опен бюджет) лойиҳасида иштирок этиш хавотир уйғотмоқда.
- Опен бюджетда қатнашиш маҳаллаларнинг ихтиёрида қолаётган пул маблағларига таъсир ўтказмайди, - сўзида давом этади О.Сувонов. - Опен бюджетга маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ёки маҳалла фаоллари ўзлари учун долзарб, деб ҳисоблаган масала лойиҳасини киритиши ва шу бўйича овоз йиғиб лойиҳани ютиб, олиши мумкин. Маҳалла бюджети тизимида ҳар бир маҳалланинг ўзи учун алоҳида ҳисоб рақами очилади ва ундирилган солиқ миқдорининг 10 фоизи ушбу ҳисоб рақамга ўтказиб берилади. Тизим асосида шакллантирилган маблағлар фуқаролар йиғини кенгаши томонидан бошқарилади. Демак, маблағ маҳалла ихтиёрида қолади, фақат маҳалла раислари шакллантирилган маблағларни туман ҳокимлиги, туман молия ва иқтисодиёт бўлими билан келишган ҳолда сарфлайди.
Ҳозирда Бунёдкор, Мирзақишлоқ, Алгар, Жартепа, Камонгарон, Қуйитегана, Мерганча, Юқори Бешкапа маҳаллалари солиқ тушумларида фаол бўлмоқда. Бошқа маҳаллаларда ҳам тарғибот тадбирлари ўтказилиб, янги тажрибанинг самарадорлиги тушунтирилмоқда.
Мисол учун, Бунёдкор маҳалласида 2023 йил учун 1 миллиард 200 миллион сўм солиқ ҳисобланган ва йилнинг ўтган уч ойида 200 миллион сўм мол-мулк ва ер солиғи ундирилди. Шу маблағ ҳисобидан 20 миллион сўм уларнинг ҳисоб рақамига ўтказилади ва маҳалла фаоллари ўзларини қийнаётган масала ечимига маблағни йўналтириши мумкин. Ушбу тизимнинг яна бир аҳамиятли томони - бунда солиқ инспектори аввалгидай хонадонларга бормайди. Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини раиси солиқ йиғишнинг ақлли тизими ўрнатилган электрон қурилмалар билан жиҳозланди. Бу ускунада маҳалладаги фуқароларнинг мол-мулк ва ер солиғидан қарздорлиги бор ёки йўқлигини кўриш мумкин. Нақд пулда ҳам, пластик карта орқали ҳам солиқларни тўлаш имконияти яратилган. Оддий қилиб айтганда, солиқ инспекторининг ўрнига маҳалла раиси ҳам фуқаролар билан учрашади, ҳам солиқни ундиради. Туман миқёсида ўтган йилнинг уч ойида 2 миллиард 600 миллион сўм солиқ тушумлари ундирилган бўлса, жорий йилнинг мос даврида солиқ тушумлари 5 миллиард 600 миллион сўмга ортиб, 8 миллиард 200 миллион сўмни ташкил этмоқда. Яъни, ундириш уч баробарга ортди.
Туманнинг Навбоғ маҳалласида бўлиб, ҳолатни кузатдик. 125 гектар майдонни эгаллаган маҳалладаги 900 хонадон (16 та кўп қаватли уй)да 5,1 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 2022 йилнинг 1-чорагида маҳалладаги 120 нафар фуқаро 66 миллион 150 минг сўм солиқ тўлаган. Жорий йилнинг шу даврида эса 282 нафар фуқаро томонидан 160 миллион 546 минг сўм солиқ тушумлари қайд этилган. Ушбу маблағнинг 10 фоизи маҳалла ихтиёрида қолишини инобатга оладиган бўлсак, ҳудуд аҳолисини қийнаётган масалалар қисқа муддатда ечим топишига умид қилса бўлади. Аммо мавриди келганда шуни ҳам айтиш керакки, бир нечта маҳаллада бўлганимизда уларнинг деярли барчасида бир хил муаммо борлигини кўрдик. Яъни, солиқ тўловини қабул қилишга мўлжалланган ускуна барча турдаги пластик карталарни қабул қилмайди. Умид қиламизки, бу муаммо ҳам тез орада бартараф этилади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.