Янги туғилган чақалоқни 4 миллион сўмга сотаётган доя ушланди
Бугун инсоният ҳаётига жиддий хавф солиб турган глобал муаммолар орасида одам савдосидек жирканч иллат ҳам борлиги ачинарли. Энг ёмони, одамлар ҳавойи нафс илинжида ўз жигаргўшасини пуллашдан ҳам тап тортмаётир.
Жумладан, Қарши шаҳрида яшовчи Э.Н. шу йил 25 март куни Қарши шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда Нишон тумани туғруқ мажмуасида навбатчи доя лавозимида ишловчи Ш. исмли аёл бир ҳафта олдин туғилган чақалоқни сотмоқчи эканини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
25 март куни соат 15:00 ларда Қарши шаҳар ИИО ФМБ ходимлари шаҳардаги Самарқанд МФЙ, Ислом Каримов кўчасида жойлашган 4-умумий ўрта таълим мактаби рўпарасида, Қарши туманида яшовчи, Нишон тумани туғруқхонасида доя бўлиб ишловчи Х.Ш. ва Нишон тумани, Ғафур Ғулом МФЙда яшовчи Ч.Г. 4.000.000 сўм пул эвазига 13 март куни Нишон тумани туғруқхонасида туғилган қиз чақалоқни тадбирда харидор сифатида иштирок этган Э.Н.га берган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Ҳолат юзасидан олиб борилган дастлабки суриштирувлар давомида Х.Ш. Ч.Г.нинг қизи Б.Ч.ни Нишон тумани туғруқ мажмуаси мудири, Нишон туманида яшовчи С.Н. билан бирга 5.000.000 сўмга сотиб, Ч.Г.га туғиш ҳаражатларини бермоқчилигини билдирган. Х.Ш.нинг кўрсатмасига асосан, 25 март куни соат 20:30 ларда Нишон туманида жойлашган бекатда навбатчи доя Х.Ш. мудир С.Н. билан учрашиб, унга қиз чақалоқни сотишдан тушган 4.000.000 сўм пулларни берган вақтида Қарши шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан ушланган.
Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Х.Ш. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.